РШТЁИМ’да Тохир Мусоевнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида “9 май -Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан собиқ директор тиббиёт фанлари доктори марҳум Тохир Мусоевнинг хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни филиал директори тиббиёт фанлари номзоди Мухсин Ражабов очиб, Тохир Яхёевичнинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача маълумот берди.
Унинг раҳбарлик даврида филиал фаолиятини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, филиалда даволаш жараёни ва диагностика турлари тубдан ислоҳ килиниб, тиббий маркетинг кучайтирилганлиги, ташқи хамкорлик масалаларига чуқур эътибор қаратилиб, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Австрия, Молдавия, Тожикистон ва Козоғистон каби давлатлар билан мемарандумлар тузилганлиги, шу аснода юздан ортик ёш мутахассислар ушбу мамлакатларнинг етакчи клиникаларида тажриба ҳамда билимларини ошириб келганлиги ва орттирган тажрибаларини амалиётда қўллаб минглаб инсонлар дардига даво бўлишаётганлиги эсга олинди.
Шунингдек, марказнинг нуфузи кўтарилиб, ислоҳотлар натижаси улароқ Т.Мусоевнинг азалий орзуси бўлган биринчилардан бўлиб Бухоро шаҳрида очиқ юрак операцияларини бажариш, илк бор буйрак кўчириб ўтказиш, юрак камераларига кардиостимулятор ўрнатиш, коронар томирларни стентлаш, бачадон артериясини эмболизация қилиш ва ўнлаб бу каби бошқа соҳаларда мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилганлиги эътироф қилинди.
Тадбирга вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулхаков, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Туляганов, Ўзбекистон Тарихчилар жамияти Бухоро бўлими раиси, Бухоро давлат университети доценти Азалшоҳ Ҳамроев, Бухоро Давлат тиббиёт институти ректори профессор Шухрат Тешаев, шу институтнинг бир гуруҳ профессор ўқитувчилари, вилоят ва Бухоро шаҳар тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда турли ташкилот, муассасалар вакиллари меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар ўзларининг илиқ ва мангуга дахлдор хотиралари билан ўртоқлашдилар. Т.Мусоевнинг қисқа аммо маъноли ҳаёти мобайнида амалга оширган эзгу ишлари тўғрисида ўз таъсуротларини ҳис-ҳаяжон орқали билдирдилар.
Шу билан қаторда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори, таниқли олим, шифокор, кардиохирург, салоҳиятли раҳбар, тиббиёт фанлари доктори (DsC) Тохир Мусоевнинг ёрқин хотирасига бағишланган “Эзгулик ва илмга бахшида умр” номли китоб тақдимоти ўтказилди. Ушбу китобни муаллиф Азалшоҳ Ҳамроев тақдимот қилар экан, китобни марҳумнинг дўстлари, устоз ва шогирдлари томонидан ёзилган мақолаларда унинг инсоний фазилатлари, дўст ва ҳамкорлари, ҳамкасб ва шогирдларига кўрсатган меҳр-оқибатлари, ҳиммат-мурувватлари хусусида эҳтиром ила мулоҳаза юритилганлиги ҳақида маълумот берди.
Тадбирда Тохир Яхёевич Мусоевга бағишланган “Хотира бурчаги” нинг очилиш маросими ўтказилди. Ушбу бурчакда марҳумнинг ёрқин хотирасини акс эттирувчи гранитга ишланган фотосурат ёзувлари билан намойиш қилинганлигини кўриш мумкин.
Тохир Мусоевнинг ёрқин хотирасига бағишланган бугунги тадбир Қуръон тиловати ва “Эҳсон оши” билан якунланди.
Тохир Мусоев тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино бобокалонимизга муносиб ворис сифатида тарихда, ҳамкасблари ва инсонлар хотирасида абадий яшайди.