Хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган ва етакчи компанияларда ишлаётган ёш ватандошларга вазирлик, идора ва ташкилотларда ишлаш учун шароитлар яратилади. Жумладан, уларга хизмат уйлари берилади, камида 2 йил ишлаганларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларининг бир қисмини қоплашга субсидия ажратилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 7 мартдаги «Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [101-сон] қарорига кўра, 2022 йил июндан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган Ўзбекистон ёшлари (ёш ватандошлар)га вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратилади.
Хусусан:
- ёш ватандошлар фаолияти давомида хизмат турар жойлари билан таъминланади;
- давлат органлари ва ташкилотларида камида 2 йил ишлаган ёш ватандошларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидия берилади.
1 июнгача «Ёш ватандошлар реестри» электрон тизими ишга тушиб, у ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинади.