8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Бухоро шаҳридаги мусиқали ва драма театрида бўлиб ўтган тантанали тадбирда айни жиҳатлар алоҳида эътироф этилди. Тадбирга вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан фан, таълим, тиббиёт, маданият, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришаётган, ижтимоий ҳаётда фаол, маҳаллалар ободлиги, оилалар турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар таклиф этилдилар.
Тантанада вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни ва улар тимсолида бухоролик барча хотин-қизларни байрам билан самимий табриклади.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмаларни эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой билан таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда. Давлат даражасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар аёлларни янги Ўзбекистонни барпо этишнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиб, Ватанимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда.
Хусусан вилоятимиз ҳудудидаги “Қизбиби”, “Биби Орифа”, “Жўйбори Калон”, “Модарихон”, “Биби Саида” мажмуаси каби муҳташам меъморий обидалар муҳтарама оналаримиз, Бухоронинг зукко аёллари даҳосига бағишланган эҳтиром монументи десак муболаға эмас.
Ўрни келганда, баъзи маълумотларга тўхталсак, сўнгги 7 йил ичида вилоятимизда ишбилармон аёллар сафи ҳам кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 25 минг нафардан ошди.
Хусусан, Янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилган сайловларда Олий Мажлис Сенатида 1 нафар, Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларимизда эса 103 нафар вилоятимиз аёлларига ишонч билдирилди. Бундан ташқари, вилоятимизда 2395 нафардан зиёд хотин-қиз турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келишмоқда. Ҳозирда илм-фан соҳасида ҳам вилоятимиздаги олий ўқув юртларида жами 500 га яқин олима аёлларимиз фаолият кўрсатмоқда.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2024 йилда вилоятимизда 59 916 нафар хотин-қизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Худди шундай, 3 минг 91 нафар аёлга шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун 18 миллиард 864 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилган. Саъй-ҳаракат туфайли 181 минг 433 нафар аёл бандлиги таъминланган.

Вилоятимиз бўйича айни вақтга қадар 152 нафар ижтимоий шароити оғир хотин-қизларимиз уй-жойлари таъмирлаб берилган. Ўтган йилнинг ўзида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 25 миллиард сўмга яқин кредит ва субсидия ажратилган. Натижада 26 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз доимий иш ва даромадга эга бўлдилар.
Шунингдек, 2024 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 30 нафар қизлар олийгоҳларга давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, 121 нафар талаба қизга шартнома пуллари тўлаб берилган.

Қувонарлиси, куни кеча Президентимизнинг “8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосида 4 нафар бухоролик аёлларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланишди. Шунингдек, Нилуфар Руҳиллаева ҳамда Дилшода Баҳронова сингари зукко қизларимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлишганлиги барчамиз учун фахр ва ифтихор намунасидир.