Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, Олий Мажлис депутатлари банкоматлардан пластикдаги пулларини фоизсиз нақдлаштириб олишини биласизми?
Банк мутасаддиларининг маълум қилишича, бундай фоизсиз пул нақдлаштирадиган ташкилотлар Ўзбекистонда ўнга яқин.
“Халққа нисбатан адолатсизлик!”
Ўзбекистон давлат амалдорлари фақатгина текин қора ойналарда юриш имконияти билан халқдан ажралиб турмайди. Улар учун яратилган имтиёзларнинг бири сифатида Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб келаётган банкоматларда пул ечишда фоиз ундирилмаслигини айтиш мумкин. Одамлар банкоматларда картадан пул ечиш фоизлари бирдан уч фоизга кўтарилишидан хавфсираб турган бир вақтда давлат амалдорлари пул нақдлашда маошларидан банкка фоиз бермайдилар.
Бир ой давомида меҳнат қилиб олган пулингизнинг бир фоизига банкларнинг шерик бўлиши нақадар адолатли? Қолаверса, айрим амалдорларнинг маошига банклар шерик бўлмайди. Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниевнинг айтишича, у иш жойидаги банкоматлардан деярли фойдаланмаган ва фоизлари миқдори ҳақида ахборотга эга эмаслигини айтади. “Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги банкоматлардан пул ечишда фоиз ечилмаса бу халққа нисбатан, адолатсизлик”, дейди Дониёр Ғаниев.
Банклар нега маошимизга шерик бўлади, бу тўғрими?
Табиий савол туғилади, ишлаб топган маошингизни нақдлаб олишда нима учун унинг 1 фоизини банкка беришингиз керак? Бу қанчалар адолатли? Мазкур саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қуйидагича жавоб берди:
“Банклардаги 1 фоизлик комиссия тўловига келадиган бўлсак, мени буни ноқонуний иш демаган бўлардим. Чунки, бу қонун билан белгиланган. Банк мижозга хизмат кўрсатаяпти, истеъмолчини пулини сақлаб бериб истаган жойида нақдлаш учун имконият яратиб бермоқда. Бироқ, буни адолатсиз, деган бўлар эдим. Чунки, бир фоиз бу жуда юқори кўрсаткич. Жаҳон тажрибасига назар солсак, банк ўзини мижозларини кўпайтириш учун, аҳоли гавжум жойларга банкомат қўяди ва хизматни бепул кўрсатади. Нафақат ўзининг мижозларига, балки бошқа банк мижозлари ҳам истаган банкоматдан фоизсиз пул нақдлаб олаверади.
Бизда эса ҳозир банкларни бепул пул ечишга зўрламаган маъқул. Чунки, бизда банкоматлар энди кўпаймоқда. Буни ўзига яраша харажатлари бор. Комиссия тўловини олиб ташлаш, банкоматларни кўпайишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бизда ҳозир банкоматлар кўпайиши керак. Банкларга инвестиция қилиш керак, лекин ҳар ҳолда ҳар битта банк ўз мижозларига, ўз банкоматларидан пул ечишда фоизсиз хизмат кўрсатса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Барча ҳудудда инфратузилма ривожланиб, банкоматлар кўпайгачгина, истеьмолчилар пул ечишда фоиз ечимини олиб ташлашни сўраса тўғри бўлар эди.
Марказий банк вакиллари билан суҳбатлашганимда, улар ҳам жаҳон тажрибасини тан олаяпти. Яъни, марказий банкдагилар мижозга қулайлик яратиш мақсадида пул ечишда тўловлар йўқлиги тўғрилигини қўллаб қувватлашади. Аммо, ҳар битта тўлов учун тадбиркордан банк хизмат хаққи олиши тўғри. Агар, нақд пул ечишдаги тўловлар олиб ташланса, ҳар битта ҳарид учун тадбиркордан 0,02 фоиздан тўлов ечиш керак бўлади. Чунки, банк ҳаражатларини барибир қаердадир қоплаши керак”, дейди Дониёр Ғаниев.