Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, фуқаролик ишларининг судловга тегишлиликнинг аҳамияти мамлакатда аҳолининг суд органларига бўлган ишончини оширишни таъминлаш, судни чинакам маънода адолат қўрғонига айлантиришда муҳим омил ҳисобланади.
Жисмоний ва юридик шахлар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бутун дунё мамлакатларида алоҳида ва ўзига ҳос ўрин тутади. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимояланишда судга тааллуқлилик ва судловга тегишлиликни фарқли жихатларини аниқлаш лозим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодекснинг 5-боби “Судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик” деб номланади. Шбу кодекснинг 26-моддасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича судга қуйидаги ишлар тааллуқлидир: 1) фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой, ер тўғрисидаги ва бошқа муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича ишлар, агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлса, бундан қонунда шундай низоларни ҳал қилиш бошқа судларга ёки бошқа органларга топшириладиган ҳоллар мустасно; 2) ушбу Кодекснинг 293-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар; 3) ушбу Кодекснинг 18-бобида кўрсатилган ва буйруқ тартибида ҳал этиладиган ишлар; 4) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар; 5) чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар; 6) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар. Судларга қонун билан уларнинг ваколатига киритилган бошқа ишлар ҳам тааллуқлидир.
Даставвал Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 5-бобида дастлаб тааллуқлилик масаласига аниқлик киритади. Бу ҳолат низони қайси суд томонидан кўриб чиқиш ваколатини белгилайди. Тааллуқлилик масаласи ҳал қилинганидан сўнг судловга тегишлиликка доир нормалар белгиланади. Шу боисдан тааллуқлилик масаласи ҳал бўлгандан сўнг фуқаролик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисобланган холларда қайси судга мурожжат қилиш масаласи ҳал қилиниши зарурати вужудга келади. Бу ҳолатда судга тегишлилик масаласини ҳам тўғри ҳал қилиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 33-моддаси “Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари” деб номланади. Ушбу моддада, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.
Хулоса қилиб айтганда, судга тааллуқлилик ва судловга тегишлиликнинг аҳамияти, фуқаролик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисобланган холларда қайси судга мурожжат қилиш масаласини ҳал қилинишига, суднинг ваколатларини чегарасини белгилашга, судларда иш хажми нисбатини тўғри тақсимланишига, ишларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилишга доир вазифаларни амалга оширишга ёрдам беради ўз навбатида айнан шу ишни бошқа судларда ҳам кўришни истисно этишга имкон беради.
Илхом Джураев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси