Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча, 14 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятга алоҳида тўхталиб ўтилди.
“COVID-19” пандемиясини жиловлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, давлатимиз раҳбари, мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан карантин талабларини яна кучайтиришга мажбур бўлинаётганини таъкидлади.
Республика махсус комиссияси томонидан вазият мунтазам таҳлил қилиниб, инфекцияни жиловлаш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу касалликка қарши кураш учун бизда барча захира ва имкониятлар мавжуд. Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари юртимизда пандемия оқибатларини бартараф этиш учун қанча маблағ керак бўлса, албатта ажратилиши, лекин дори воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келиши мумкинлиги, ана шуни қаттиқ назоратга олиш кераклигини уқтиргани ҳолда мутасаддилар зиммасига жиддий вазифаларни қўйди.
Шу муносабат билан фуқароларимиз пандемия шароитида ўзлари дуч келаётган муаммо ва қийинчиликларга ечим топиш мақсадида жойлардаги дорихоналар фаолияти, нарх-навонинг сунъий оширилаётгани, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ёки бошқа мурожаат ҳамда эътирозлари юзасидан “11-97” қисқа рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкин.
Барча мурожаатлар вилоятдаги мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари иштирокида тезкорлик билан кўриб чиқилади.
Манзил: Бухоро шаҳар, Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси, 168-уй