Президент Шавкат Мирзиёев ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти. Шунинг учун ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади.
Яна бир янгилик — ер ости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.