2021 йилнинг февраль-март ойларида Бухоро шаҳрининг Қ.Муртазоев ва Мустақиллик кўчалари оралиғида жойлашган кўп қаватли уйларнинг ташқи йўлакларида «ЭЛМУРОД ҚУРИЛИШИ СEРВИС» хусусий корхонаси томонидан шартнома асосида 704 млн 674 минг 626 сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилганига қарамай, буюртмачи «Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжинеринг компанияси» ДУК Бухоро филиали ҳозирга қадар 259 млн 572 минг 430 сўмлик бажарилган ишлар учун ҳақ тўламасдан келмоқда.
Бухоро туманлараро иқтисодий суди 2022 йил 18 мартдаги қарори билан хусусий корхона даъвоси қаноатлантирилиб, «ЭЛМУРОД ҚУРИЛИШИ СEРВИС» фойдасига 259 млн сўм ундириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Бундан ташқари, 2022 йил 18 июлдаги МИБ Бухоро Шаҳар бўлимининг қарори билан қолиб кетган қарзни тўланишини назорат қилиш Бухоро вилоят Ғазначилик бошқармаси зиммасига юклатилган
Бир неча маротаба вилоят ҳокимлиги ва бошқа масъулларга қилинган мурожаат оғзаки топшириқлар билан, эътиборсиз қолдириб келиняпти. Бир йилдан ошибдики тадбиркор қилган хизмат ҳаққини ололмай сарсон. Президент тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммосини ўрганаётган бир пайтда бухоролик расмийлар томонидан бўлаётган бундай муносабат ҳар қандай тадбиркорнинг кайфиятига таъсир қилиши шубҳасиз.