Ҳурматли, бухороликлар!
Қадрли, ота-оналар, азиз ёшлар!
Бугунги глобаллашув даврида гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда уларнинг аналогларининг ноқонуний айланиши инсон саломатлиги, оила мустаҳкамлиги, ёшлар келажаги ва жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган энг хатарли иллатлардан бири бўлиб қолмоқда.
26 июнь — Халқаро гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш куни муносабати билан барчамизни ана шу офатга нисбатан муросасиз бўлишга, фарзандларимиз ва ёшларимизни соғлом ҳаёт тарзига чорлашга, маҳалла ва оилада профилактик масъулиятни кучайтиришга даъват этаман.
Гиёҳвандлик бир инсоннинг тақдири билан чекланиб қолмайди. У аввало инсоннинг иродасини синдиради, саломатлигини емириб боради, кейин оиладаги муҳитга, фарзандлар тарбиясига, меҳнат жамоаси ва маҳалла осойишталигига салбий таъсир кўрсатади.
Айниқса, сўнгги йилларда синтетик моддалар, психотроп препаратлар, кучли таъсир қилувчи воситалар ҳамда уларни интернет, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқатишга уринишлар ёшлар учун алоҳида хавф туғдирмоқда. Бу каби ҳаракатлар ортида кўп ҳолларда уюшган жиноий гуруҳлар, енгил даромад ва алдов орқали ёшларни жиноятга жалб қилиш ҳолатлари турибди.
Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ички ишлар органларининг вазифаси эмас. Бу — ҳар бир ота-она, ҳар бир маҳалла, таълим муассасаси, жамоат ташкилоти ва ҳар бир онгли фуқаронинг умумий бурчидир.
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш соҳасида қонунчилик босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик тизими такомиллаштирилди.
Нарколаборатория ташкил этиш, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш, қонунга хилоф муомалага киритиш ҳамда айрим моддаларни сотиш мақсадисиз тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш каби қилмишлар бўйича алоҳида нормалар белгиланди.
Жамоат жойларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик назарда тутилди.
Ушбу ўзгаришлар ҳар бир фуқарога, айниқса ёшларга бир ҳақиқатни янада аниқ кўрсатади: гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний ҳаракат — “оддий қизиқиш” ёки “бир марталик хатолик” эмас, балки шахс тақдирига, оила шаънига ва жамият хавфсизлигига жиддий зарба берадиган ҳуқуқбузарликдир.
Ҳурматли, ота-оналар!
Фарзандларимиз тарбиясидаги энг катта масъулият аввало оила зиммасидадир. Фарзандингиз кимлар билан мулоқот қилаётгани, бўш вақтини қаерда ўтказаётгани, интернетдан қандай мақсадда фойдаланаётгани, хулқ-атвори ва руҳий ҳолатида қандай ўзгаришлар борлигига бефарқ бўлманг.
Ёшлардаги тушкунлик, ёлғизланиш, бегона давраларга интилиш, сирли телефон мулоқотлари, кеч қайтиш, ўқиш ва ишга қизиқишнинг пасайиши каби ҳолатлар кўпинча жиддий муаммоларнинг дастлабки белгиси бўлиши мумкин. Бундай вазиятда жазолашдан кўра, ишончли суҳбат, меҳр, назорат ва мутахассислар кўмаги муҳим аҳамиятга эга.
Фарзандингизнинг ҳаёти, келажаги ва бахти учун унга яқин бўлинг. Бугунги эътибор эртанги афсуснинг олдини олади.
Азиз, ёшлар!
Сизлар Ватанимизнинг эртанги куни, ота-онангизнинг умиди, жамиятимизнинг энг катта бойлигисиз. Бир марталик қизиқиш, нотўғри танланган давра ёки интернет орқали берилган алдовли таклиф бутун ҳаётингизга соя солиши мумкин.
Гиёҳвандлик инсонни кучли қилмайди, аксинча уни иродасиз, тобе ва заиф ҳолатга туширади. Наркожиноятлардан топилган “осон даромад” эса ҳеч қачон барака келтирмайди; у охир-оқибат жавобгарлик, жиноят иши, оиласи ва келажагидан айрилиш хавфига олиб келади.
Соғлом ҳаётни, спортни, илмни, касб-ҳунарни, ҳалол меҳнатни ва эзгу мақсадни танланг. Сизларнинг қўлингизда кучли ирода, билим ва соғлом келажак бор.
Ҳар бир маҳалла ва таълим муассасасида гиёҳвандликка қарши муросасиз муҳит шаклланиши лозим.
Бунда профилактика инспекторлари, маҳалла еттилиги, мактаб ва коллежлар, олий таълим муассасалари, ёшлар етакчилари ва жамоатчилик фаоллари ўзаро ҳамкорликда ишлаши муҳим.
ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
хавф гуруҳидаги шахслар билан манзилли профилактик суҳбатлар ўтказиш;
интернет ва ижтимоий тармоқларда гиёҳвандликни тарғиб қилувчи контентларга қарши огоҳликни кучайтириш;
шубҳали ҳолатлар бўйича ички ишлар органларига ўз вақтида хабар бериш;
ота-оналар ва таълим муассасалари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш зарур.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг ноқонуний савдоси, тарқатилиши, сақланиши, реклама қилиниши ёки ёшларни ушбу иллатга жалб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, бефарқ бўлманг. Бу ҳақда зудлик билан ички ишлар органларига хабар беринг.
Сизнинг ўз вақтида берган хабарингиз бир инсон ҳаётини, бир оила тинчлигини, бир ёшнинг келажагини ва бутун маҳалла осойишталигини сақлаб қолиши мумкин.
Эсда тутинг: гиёҳвандликка қарши курашда энг кучли восита — оиладаги эътибор, маҳалладаги назорат, таълимдаги тарбия ва жамиятдаги муросасиз муносабатдир.
Бухоро вилояти ички ишлар органлари барча мутасадди ташкилотлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни ушбу иллатдан асраш, жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом ва хавфсиз муҳитни таъминлаш йўлида барча зарур чораларни кўришда давом этади.
Келинг, фарзандларимиз келажаги, оилаларимиз тинчлиги, маҳаллаларимиз осойишталиги ва юртимиз равнақи йўлида бирлашайлик. Гиёҳвандликка йўқ дейлик! Соғлом ҳаёт, соғлом оила ва соғлом жамият сари биргаликда ҳаракат қилайлик!

