Бухоро муҳандислик – технология институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 мартдаги 101-Ф сонли Фармойишига мувофиқ тасдиқланган ва ўтказилиши 24-26 ноябр кунлари режалаштирилган “Иқтисодиётни рақамлаштириш шароитида энергетиканинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-техник конференциянинг очилишига бағишланган ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисни очиб бериш учун институт ректори т.ф.д., проф. Н.Р.Баракаев сўзга чиқди ва ўзининг табрик сўзида анжуманнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида гапириб ҳозирги кунда энергетикадаги долзарб муаммолар ва уларни бартараф этишда рақамли тизимларни ва технологияларни жорий этишнинг аҳамияти тўғрисида айтиб ўтди. Жумладан, у энергетика соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва энергетика вазирлиги томонидан олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижаларга тўхталиб ўтди. Иқтисодиётни рақамлаштириш илм-фан ва мутахассис кадрлар тизимига қўядиган вазифалар ҳамда талаблар тўғрисида тўхталиб анжуман ишига мувафақиятлар тилади.
Анжуманнинг ялпи мажлисини Энергетика факултети декани проф. Н.Н.Садуллаев олиб борди. У ўз сўзида анжуманга хорижий ва республикамиз илмий жамоати томонидан қизиқиш катта эканини айтиб анжуман таҳририятига 200 дан ортиқ маъруза тезислари келиб тушгани улардан 50 дан ортиғи хорижий давлатлардан эканлигини айтиб ўтди. Анжуманга келган хорижий ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан келган меҳмонлар билан таништирди. Жумладан, ялпи мажлисда Россия федерациясидан 2 нафар, Қозоғистондан 5 нафар етакчи олимлар ҳамда Республикадан Тошкент, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятларидан 20 дан ортиқ етакчи олимлар иштирок этаётганини айтиб ўтди.
Анжуманда энергетика факултети битирувчиларининг асосий буюрмачиси бўлган Бухоро ҳудудий электр тармоқлари АЖ директори ўринбосари У.Раҳматов сўзга чиқиб вилоятда электр тармоқларни рақамлаштириш бўйича корхона томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб берди. Шу билан бирган кадрлар малакасига тўхталиб бу борада муаммолар борлиги ва рақамли технологияларни ўзлаштириш бўйича қийинчиликлар борлиги айтиб ўтди. У ушбу муаммоларни бартараф этишда институт олимларини ҳамкорликка чақирди ва факултетда таълим сифатини ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шундан сўнг сўз Москва энергетика институти ректори ўринбосари т.ф.д., проф. В.В.Молодюкка берилди. У анжуман иштирокчиларини табриклаб Россия федерациясида анжуман мавзуси бўйича амалга оширилган ишлаб билан таништирди ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Жанубий Қозоғистон техника университети Муқобил энергия манбалари кафедра мудири Г.Ж.Туримбетова сўзга чиқиб ушбу йўналишда Қозоғистонда амалга оширилаётган ишлаб билан таништирди ва ўз тавсияларини берди.
Анжуманда Тошкент давлат техника университети Электр таъминоти кафедраси мудири т.ф.д. И.У.Раҳмонов, Қарши иқтисодиёт-муҳандислик институти илмий ишлаб ва инновациялар бўйича проректори т.ф.д., проф. Ғ.Н.Узоқов ўз маърузалари билан чиқдилар.
Бухоро муҳандислик – технология институти Энергетика факултетида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар тўғрисида Энергетика кафедраси мудири проф. Р.Б.Жалилов ва факултет декани проф. Н.Н. Садуллаев маъруза қилиб эришилган ютуқлар тўғрисида гапириб бердилар. Ялпи мажлисда бир гуруҳ хорижий олимларга Бухоро муҳандислик – технология институти кенгаши томонидан фахрий профессор илмий унвони берилди.
Анжуман ўз ишини факултетда шўъба йиғилишдаги маърузалар муҳокамаларида давом этмоқда.