Бухоро ҳокимлигининг сохта ходими фирибгарлик йўли билан 800 доллар олаётганида қўлга олинди
Бухоро вилоятининг Вобкент туманида яшовчи фуқаро Д.Ҳ. туманнинг Харгўшт қишлоғида яшовчи аёлга ўзини вилоят хокимлиги қурилиш бўлими ходими деб таништириб, 800 доллар эвазига кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган уйдан олиб беришга ваъда беради. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Бухоро хокимлигининг сохта ходими турмушидан ажралган аёлнинг қийин аҳволдалиги ва уйга муҳтожлигидан фойдаланиб, даромад орттиришни мақсад қилади.
2020 йилнинг 27 июль куни бу ҳақда ДХХ вилоят бошқармасига мурожаат қилган аёлнинг аризасига кўра, шу куни ДХХ ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Д.Ҳ. ариза муаллифидан 800 доллар олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.