Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Қадрли соҳа фахрийлари!
Сизларни бугунги касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Жаҳон тиббиёт илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино бобомиз айтганларидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир.
Шу маънода сўнгги йилларда мамлакатимизда Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан соғлиқни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар эса янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузига ижобий таъсир этиши шубҳасиз.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек «Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам юртимизда тинчлик ва соғлиқни таъминлашга эришсак, қолган ҳамма нарсага эришамиз.»
Қадрли шифокорлар!
Сизларнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз ва фидокорона меҳнатларингизни юқори баҳолаймиз.
Халқимиз саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб тиббиёт ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, муболаға бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда кенг нишонланаётган тиббиёт ходимлари куни байрами нафақат тиббиёт соҳаси вакилларининг, балки бу касб эгалари билан фахрланиб, дил сўзларини изҳор этаётган аҳолимизнинг ҳам қутлуғ айёмидир.
Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Дардга чалинган ҳар бир инсон борки, аввало, Сиз азизлардан нажот кутади, дардларига даво истайди. Шу сабабдан шифокор касби шарафли, меҳнати эса улуғдир!
Қадрли саломатлик посбонлари!
Сизларни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!