Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир ҳалқнинг ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Ўтмишдан аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраб келганлар.
Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун ҳурлик, куч-қудрат, жасорат ва ғалаба тимсоли бўлиб келган.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур даврида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши яхшилик аломати саналмаган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекинишга ишора бўлган. “Темур тузуклари”да, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари- туғ ва ноғора инъом қилинганлиги қайд этилган. Бу соҳибқирон даврида давлат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва муҳим ижтимоий-сиёсий ва маънавий аҳамият касб этганидан далолатдир.
Бош Қомусимизнинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси Қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари- байроғи, герби ва мадҳиясига эга деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг 1991 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг VIII сессиясида “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
Мана бугун мамалакатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 31 йилллигини нишонламоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар байроқларига хос бўлган энг яхши анъаналарни давом эттирган ҳолда республикамиз табиатига хос хусусиятларни, халқимизнинг тарихий, миллий ва маданий ўзлигини ҳам акс эттирган. Миллий байроғимиз давлат суверенитетининг рамзларидан биридир.
Давлатимиз байроғи– ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли. Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт. Зеро, унда мамлакат руҳияти, ғурур ва ифтихоримиз, Ватанимиз ва халқимизга бўлган меҳр- муҳаббатимиз, порлоқ келажакка ишончимиз мужассамдир.
Ойбек Шомуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси