30 ноябр куни Афғонистон шимолидаги Саманган вилояти, Айбак шаҳри, Ал-Жиҳодий мадрасасида кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда камида 19 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳат олди.
Жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганларнинг жасади келтирилган Айбак шифохонаси маълумотига кўра, уларнинг аксарияти мадраса талабалари.
Афғонистон матбуоти «Толибон» ҳаракати жангчилари мадрасани ўраб олгани ва портлаш содир бўлган жойда сурат ва видеотасвирга олишга рухсат бермаётганини таъкидламоқда.
Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг ҳеч бири мадрасадаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Ўтган йилнинг август ойида Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, мамлакатнинг турли диний муассасаларида терактлар мунтазам содир бўлиб турибди.
2021 йил 17 август куни Кобулдаги «Содиқ Акбар» масжидида юз берган портлашда 21 киши ҳалок бўлди, 33 киши жароҳатланди. 2022 йил 22 апрел куни шимолий Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида суннийлар масжидидаги портлашда 33 киши ҳалок бўлди, 43 киши яраланди. 21 апрел куни Мозори Шарифдаги шиалар масжидида портлашда 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди ва 90 га яқини яраланди.
ИШИД террорчилик ташкилотининг афғон бўлинмаси бўлган ИШИД-Хуросон ушбу терактларнинг аксарияти учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.