Маълумки, шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, мулоқотлар, концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида бундай мулоқотларни самимий руҳда ташкил этишга, унда мустақилликнинг қадр-қиммати, айниқса, янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлар моҳиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган шиор остида нишонланаётган байрам куни кеча Чуруқ овулида ҳам кенг тантана қилинди.
Шу куни эрта тонгдан туман ҳокими Жамшид Шаропов, сектор раҳбарлари ва қатор ташкилот, корхона, муассасалар масъуллари чўлқуварларни энг улуғ, энг азиз айём – Истиқлолнинг 31 йиллик тўйи билан қутлаш мақсадида Чуруқ аҳоли пунктида бўлдилар.
Шофиркон тумани марказидан 110 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағридаги Чуруқ овулида бугунга келиб аксари қозоқ миллатига мансуб 40 та хонадон ва жами 251 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Тирикчилик манбаи асосан чорвачилик бўлган овул хонадонларида парвариш қилинаётган қорамол сони қирқдан ошган бўлса, яйловда қарийб 1,5 минг бош қўй-қўзи ва эчкиси, яна ҳар бир хонадон ўртача 15 бош паррандасига эга.
Овулдаги 39-умумтаълим мактабида ҳозирда 31 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Мактабда 24 нафар ўқитувчи-педагог фаолият кўрсатади.
Мутасаддилар дастлаб мазкур муассасада бўлиб, янги ўқув йили олдидан қилинган ишлар, олиб борилган тайёргарлик жараёни, мактаб ҳолати кўздан кечирилди.
Жамшид Шаропов жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган 4 нафар ёшни мактабга қадам қўяётганликлари билан табриклаб, уларга “Президент совғаси”ни топширди.
23-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг Чуруқ филиали ҳудуддаги мактабгача ёшдаги болажонларни мактаб таълимига тайёрлашда пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бу масканда 4 нафар тарбиячи 8 нафар тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериб келишаётир.
Мазкур муассасада бўлган меҳмонлар болалар учун яратилган имкониятлар билан танишишди. Жамоани мустақилликнинг 31 йиллиги билан қутлаб, тарбияланувчиларга байрам совғалари топширилди.
Аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида туманнинг чекка маҳаллаларида икки хил ўлчам ва кўринишдаги, махсус мослаштирилган контейнердан иборат тиббиёт пунктларини фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Ана шундай маҳалла тиббиёт пунктларидан бири Чуруқ овулида ҳам иш бошлади.
Пункт эл саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволашда барча қулайликларга эга.
Шу куни овулда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ёшлар, ўрта ёш вакиллари, нуронийлар иштирокида “Уч авлод” учрашуви ҳам бўлиб ўтди.