Қуёш нури инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Айниқса, инфрақизил нурлар танада қон айланишини яхшилаб, организмдаги барча ҳаётий жараёнларни фаоллаштиради. Бироқ қуёшдан келадиган иссиқлик ҳар доим ҳам инсон танасига фойдали таъсир этавермайди. Хусусан, ёзнинг жазирама кунларида офтоб уришидан эҳтиёт бўлиш лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаевага айни шу савол билан мурожаат қилди.
—Энг аввало, кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матолардан тикилган енгил либос кийиш, иссиқдан сақлайдиган бош кийим, кўзойнак ва соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, имкон қадар ёғли, дудланган таомларни истеъмол қилмаслик, тез бузиладиган овқатлардан эҳтиёт бўлиш керак. Танада сув балансини ушлаб туриш учун кунига ўртача 2-3 литр суюқлик (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар, қуритилган меваларнинг қайнатмалари) ичиш тавсия этилади. Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилиш мумкин эмас. Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.
Жазирама пайти қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши натижасида юзага келади. Жабрланувчида кўнгил айниши, қусиш, бурундан қон кетиш, кўришнинг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Оғир ҳолатларда эса алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати, ҳатто, 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин. Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонталь ҳолда ётқизилиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож.