Вобкент туманидаги ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан дон қабул қилиш корхоналари ўртасида 13 минг 457 тонна ғалла етиштириб бериш бўйича шартнома имзоланган эди. Экин парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилганлиги натижасида тўлиқ ҳосил етиштирилди.
Ўтган 15 кун давомида далаларда ғалла ўрим-йиғими қизғин бўлди. Мавжуд 24 та ўрим комбайнлари, 100 га яқин ташувчи техникларнинг мавсумга пухта ҳозирланганлиги, таъминотнинг етарли даражада таъминланганлиги иш суръатини оширди. Ҳар куни қабулгоҳларга минг тоннагача ғалла саранжомлаб топширилди. Шунинг натижасида 16 июнга қадар режадагидан кўпроқ ҳосил йиғиштириб олинди. Жумладан, товар дон учун 13 457 тонна ғалла қабул масканларига етказиб берилди.
Ғаллачиликда янги тажрибаларнинг қўлланилаётгани, уруғлик дон тайёрлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши эвазига йил сайин ердан юқори ҳосил олинмоқда. Вобкентда ҳам бу борада илғорлик кўрсатаётган фермерлар сони талайгина. Жумладан, “Элач Шабнами”, “Тўймурод Элмурод замини”, “Бешработ саҳовати”, “Файзи Авез”, “Қунди Гавҳар”, “Аҳад Бахшулло Неъмат ўғли”, сингари фермер хўжаликларида гектарлар ҳосилдорлиги 60-70 центнерга етди.
Ҳали кўплаб фермер хўжаликларида ўрим-йиғим давом этаяпти. Бундан кўринадики, вобкентлик фермерларнинг бу йилги ғалла топшириш режаси янада ортади. Ҳосилнинг мўл-кўл бўлиши фермерларимизнинг давлат олдида юзлари ёруғ бўлиши билан бирга ўз ишчиларига буғдой тарқатиш имкониятига эга бўлишяпти. Чунки режани бажарган ҳар бир фермернинг ўз ихтиёрида ўртача 50-60 тонналаб ҳосил қолиши кутилмоқда.
Vobkentliklar charchamanglar. Fermerlarimizga rahmat