Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шерзод Ашуров 2020-2021 ўқув йили бошланишига тайёргарлик жараёнларини кўздан кечириш, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда мактаб ўқувчи ёшларини ўқишга жалб қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганиш мақсадида бугун Когон туманидаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди.
Мазкур мактабда “Копитал Сифат” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) томонидан 4.288 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Корхона раҳбари Феруз Ғафуровнинг билдиришича, олиб борилаётган таъмирлаш ва пардозлаш ишлари саноқли кунлар ичида ниҳоясига етказилади.
Сектор раҳбари қурилиш-таъмирлаш ва пардозлаш ишларини кўздан кечириб, ўқув хоналарига синф доскаларини ўрнатиш, эшикларга дарс хоналари номларини илиш, мактаб биноси пештоқига ёшларни илм-маърифатга ундовчи шиорларни ўрнатиш юзасидан қурувчилар ва мактаб маъмуриятига топшириқлар берди.
Ташриф давомида, мактаб ўқувчилари учун ажратилган ҳожатхонани санитария қоидаларига амал қилган ҳолда қурилиш ишларини якунлаш ҳамда мактаб спорт залларининг пол қисмида амалга оширилиётган қурилиш ишларини сифатли якунлаш топшириғи берилди.
Шунингдек, мактаб атрофидаги фойдаланишдан чиқарилган ва яроқсиз ҳолга келиб қолган синф хоналари жиҳозларини тўлиф тозалаш топшириғи берилди ҳамда атроф-муҳитни ободонлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Сектор раҳбари 2020-2021 ўқув йили даврида мактаб маъмурияти билан ўқув хоналарини доимий тарзда дезинфекция қилиб туриш, ўқувчиларни мактаб биносига киришдан олдин тана ҳароратини доимий тарзда ўлчаш, уларни антисептик воситалари билан таъминланиши масалаларини ҳам келишиб олди.
Сектор раҳбарининг ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Бухоро вилояти ДСБ Матбуот хизмати.