Кўпчилик шу савол билан мурожаат қилаётгани учун аниқ мисол билан тушунтирмоқчиман.
Ҳарбий хизматда бўлиб, Қўмондонликнинг тавсияномасини олган абитуриентлар учун умумий квотанинг 5%и миқдорида қўшимча жой ажратилади. Бунда:
кундузгига – 5179 та;
сиртқига – 1568 та;
кечкига – 251та жой ажратилган.
Батафсил квота мана бу ерда:
t.me/xushnudbek/6159
Квоталар ОТМлар кесимида тақсимланган.
Кўпчилик “йўналишлар кесимида нечта жой борлигини қандай билсак бўлади, ахир рақамлар умумий ОТМ учун берилганку” деб сўрашади.
Йўналишлар кесимида квота бўлинмайди, умумий ОТМ бўйича ҳисобланади. Аммо унақада йўналишлар чалкашиб кетмайдими?
Келинг, Ўзбекистон миллий университети мисолида кўриб чиқамиз.
ЎзМУ учун ҳарбий тавсияномаси борларга жами 165та қўшимча ўрин берилган, шундан 39таси грант, 126таси контракт. Лекин ЎзМУда йўналишлар жуда кўп. Айтайлик, тарих ва иқтисодиёт йўналишига топширган тавсияномалилар қандай қилиб ўзаро куч синашади?
Бунинг тартиби қуйидагича:
➖ тушуниш осонроқ бўлиши учун ЎзМУга 3та грант, 7та контрактга, жами 10та жой берилган деб тасаввур қиламиз;
➖ айтайлик ЎзМУга жами 40 нафар ҳарбий тавсияномаси бор абитуриентлар рўйхатдан ўтди;
➖пастдаги 1-расмга қарасангиз, 40 абитуриент турли йўналишларга топширди ва ҳар бири турлича балл тўплади;
➖дастлаб 40 абитуриентнинг баллари ўзаро сараланади;
➖ЎзМУга ҳужжат топширган тавсияномалилар орасида энг юқори балл олган 10 нафар абитуриент қўшимча квотага қабул қилинади (2-расмда алоҳида ранг билан берилган). Демак, уларнинг дастлабки уч нафари грантга, кейинги 7 нафари контрактга олинади;
➖қўшимча квотага кира олмай қолган 30 абитуриент ўзининг бали билан умумий, эл қатори танловда иштирок этади, яъни бали етса киради, етмаса киролмайди;
➖расмга қарасангиз, имтиёзли квотага кирган 10 нафар абитуриент турли йўналишларни танлаганини кўрасиз. Агар кўпроқ балл тўплаганда бошқа йўналишдагилар кирган бўларди.
Квоталарни йўналишлар кесимида эмас, ОТМлар учун умумий берилишининг сабаби шунда.
❗️БУ МУҲИМ❗️
Афсуски қабулга оид қарорларнинг бир мантиққа зид жойи ҳам бор. 4-10-ўринда контрактга кирган ҳарбий тавсияномалиларнинг бали умумий квотада бюджетга етиши ҳам мумкин эди.
Масалан, 4-ўринда турган Усмон 141,1 балл тўплаб психология йўналишига контрактга кирди. Аммо умумий квотада бу балл бюджетга етарди деб тасаввур қиламиз. Яъни агар Усмон тавсиянома олмаганда, у психология йўналишига бюджетга кирган бўларди. Лекин имтиёзлиларнинг бали аввал алоҳида ҳисобланиши туфайли у 4 йил контрактда ўқишга мажбур бўлади.
Бошқача айтганда Усмон учун имтиёз фойда бермади, аксинча зарар қилди.
Эҳтимоллар назарияси бўйича шунақа бўлиши мумкин. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни бартараф этиш, агар имтиёзли абитуриент ўз кучи билан грантга кирса, уни контрактга ўтказмайдиган тизимни йўлга қўйиш керак. Шунда ҳам адолатли, ҳам мантиқий ечим бўлади.
‼️Бешта йўналишни танлаганда, тавсиянома фақат 1-йўналишга ўтади. 2 ва ундан кейинги йўналишларда қўшимча квота берилмайди, умумий тартибда танловда қатнашилади.
Хуллас, тартиби шунақа. Қўшимча квота берадиган бошқа имтиёзлар (ногиронлар, хотин-қизлар, ички ишлар ва ҳарбийларнинг фарзандлари) ҳам мана шундай принципда ҳисобланади.