Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди.
Қонун билан давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний тунель қуриш, ундан фойдаланиш, шунингдек, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Маълум қилинишича, 2016–2025 йилларда давлат чегарасида 12 та ноқонуний ер ости тунели аниқланган. Улардан фойдаланиб, мамлакатга катта миқдорда товарлар, валюта ва бошқа қимматликларни ноқонуний олиб киришга уринишлар қайд этилган.
Шунингдек, бундай тунеллардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтиш ёки контрабанда содир этганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.
Қонунда инсонпарварлик тамойили ҳам назарда тутилган. Жиноятни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тунель ҳақида ихтиёрий хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса, бошқа жиноят таркиби бўлмаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

