«Адолат» СДП таълим ва тиббиёт муассасаларига бириктирилган ер участкаларини хусусийлаштириш ва бегоналаштиришни қонун билан тақиқлашни таклиф қилди.
Партия таъкидлашича, аҳоли сони ортиб, мактаб ва боғчаларга эҳтиёж кучайиб бораётган бир шароитда таълим ва тиббиёт муассасаларига тегишли ерларни сақлаб қолиш муҳим.
Партия маълумотларига кўра, пойтахтда айрим таълим ва тиббиёт объектлари ҳамда уларга бириктирилган ер участкалари хусусийлаштирилган ёки электрон савдога чиқарилган. Шунингдек, айрим объектларда қонунга зид қурилиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Шу муносабат билан «Адолат» СДП таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ҳамда уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирмоқда.
Партия, шунингдек, сўнгги йилларда балансдан чиқарилган объект ва ер участкаларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, қонунбузарликлар аниқланса чора кўриш ҳамда инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган объектларни давлат ихтиёрига қайтариш механизмларини такомиллаштиришни таклиф қилмоқда.
Партия фикрича, таълим ва тиббиёт муассасаларига тегишли бинолар ва ерлар стратегик ижтимоий ресурс сифатида сақланиши лозим.

