Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бино ва иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай қурилмалар суднинг қарорига асосан жавобгар шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Суд қарори ижросини таъминлаш Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан амалга оширилиб, ижро ҳаракатларига ваколатли идоралар вакиллари, мутахассис, махсус техника воситалари жалб қилинади.
Бюро органлари иш юритувидаги мазкур турдаги ижро ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан Ғиждувон тумани, “Ф.Юнусов” МФЙ, Пахтакор кўчасида жойлашган жавобгар Э.Искандаровнинг фойдаланишида бўлган узунлиги 20,7 метр, эни 8,0 метр, яъни 165,6 кв. метрни ташкил қилган ноқонуний қурилма жавобгар ҳисобидан буздириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ғиждувон туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга ижро ҳужжати мазмун-моҳияти ва унинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилиб, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани ихтиёрий равишда бартараф этиш борасида бир неча бор огоҳлантиришлар берилган.
Бироқ, қарздор берилган имкониятдан тўғри фойдаланмай, суд қарори талабларини бажаришни жорий йилнинг ноябрь ойига қадар пайсалга солиб келган ва натижада охирги чора сифатида маъсул идоралар вакилллари иштирокида ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ўзбошимчалик билан қурилган қурилма махсус техника воситаси ёрдамида бартараф этилиб, ижро иши иш юритувидан тамомланган.
Ҳозирда, мазкур тадбирлар давом эттирилмоқда.
Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси
Суд қарорининг ижроси таъминланди
Фикр билдириш
Фикр билдириш