Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев билан Бухоро Муҳандислик технология институтини айни пайтда тамомлаётган ромитанлик талаба ёшларнинг бўш иш ўринлари асосида талабаларни ишга жойлаштириш юзасидан учрашуви туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туманда фаолият олиб бораётган барча ташкилот, муассаса ва корхоналар раҳбарлари ҳамда битирувчи талабалар иштирок этди. Учрашувда ёшларни қийнаётган камчилик ва муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида туман раҳбари иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқларни амалга оширилишини таъминлаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантириш, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатгичлари борасида фикр-мулоҳазаларини юритди.
Жараён доирасида ромитанлик талабалар ўзларининг таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, имтиёзли кредит ажратиш, ишга жойлаштириш, тадбиркорликни бошлашларига кўмаклашиш, ўқув курсларига жалб қилишда амалий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 6 таси жойида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланиб, ижрога қаратилди.