Коррупция: унга қарши курашишда фаоллик кўрсатганларни рағбатлантириш тартиби
Тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш бу коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш дейилади.
Коррупция ҳақида хабар берган шахсларга бир марталик пул мукофотлари берилади:
а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — БҲМнинг 3 баравари миқдорида;
б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваригача бўлса;
-ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 5 баравари миқдорида;
-унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 7 баравари миқдорида;
-оғир жиноят учун — БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;
в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлса:
-ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун – БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
-унча оғир бўлмаган жиноят учун — БҲМнинг 15 баравари миқдорида;
-оғир жиноят учун — БҲМнинг 20 баравари миқдорида;
-ўта оғир жиноят учун — БҲМнинг 25 баравари миқдорида;
г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати БҲМнинг 100 бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
-анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.
Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади.
д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун БҲМнинг 5 баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — БҲМнинг 7 баравари миқдорида.
Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.
Эсдалик совға қиймати БҲМ 2 бараваридан ошмаслиги лозим.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.
Коррупцияга қарши курашувчи орган махсус комиссиянинг қарори асосида 1 иш куни ичида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор чиқаради.
Бир марталик пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 10 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади, эсдалик совғаси эса қонун ҳужжатларига мувофиқ совға қилинадиган буюм харид қилингандан сўнг 5 иш куни ичида топширилади.
Ихтиёр Холов,
Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси