Ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл тазйиқ ва зўравонликнинг жабрланувчи ҳисобланади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш каби ҳуқуқларга эгадир.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёл етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул 1146 телефон линияси тармоғини ишлаб туришини таъминлайди.
Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади.
Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Ихтиёр Холов,
Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси