Бу воқеани тошкентлик бир танишимиз сўзлаб бердилар:
– Бир йили муҳтарама онамиз билан ҳажга борган эдик. Онамизнинг ёшлари анча ўтиб қолган, қийналиб қадам босадилар. Ҳаж кўп йиллик орзулари бўлгани учун ана шу сабабларга ҳам қарамай, сафарга отландилар. Орзиқиб кутганимиз Маккага етиб, Масжидул- Ҳаромга кириб бордик. Дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб мусулмонлар Каъбани тавоф қилиб, ҳаж арконларидан бирини адо этишяпти. Катта маърака ичида онажонимнинг қийналиб қолишларини ўйлаб махсус аравачада тавоф қилдирмоқчи бўлдим. Кўнмадилар: “Шунча жойдан келиб, Аллоҳ буюрган фарзни аравада талтайи-иб бажараманми?” деб туриб олдилар. Ўз ҳолларига қўяй десам, оломон орасида эзилиб қоладилар.
Шунда бир ҳадисда айтилганидек, елкамда опичлаб тавоф қилдиришни ўйладим. Ҳам онажонимга қулай, ҳам розиликларини олишим менга фойда. Опичлаб тавофни бошладим. Ҳужжатлар ва пуллар солинган чарм сумкачани қўлларига тутқазиб, эҳтиётлашни тайинладим. Онам елкамда тинмай дуо ўқиб боряптилар. Каъбани муаззамани учинчи бор айланганимизда онам сумкачани тушириб қўйганларини айтиб қолдилар. Аъзои баданим музлаб кетди. Шу куни элликбошимиз паспортларимизни ҳам қўлимизга бериб қўйган эди. Совға-саломга аталган пулларимиз ҳам сумкада эди. Бирдан миямга истиржо айтиш фикри келди: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Аллоҳ таолога илтижо қилиб ёлбордим: “Ё Роббим, онам розилигини топай деб ҳажга олиб келдим, елкамда кўтариб тавоф қилдиряпман. Аммо бу йўқотиш сабаб бўлиб у кишини дилларини оғритиб қўйишдан Ўзинг паноҳ бер!”
Ҳозирги ҳолатимизда тўхташни ҳам, сумкачани ахтаришнинг ҳам асло иложи йўқ. Қолаверса, нега бепарво бўлдингиз, деб волидаи шарифамни айблаб ҳам бўлмайди. Кўнглимда шундай ўй ўтди: “Пулни ҳалол йўл билан топганман, ҳаж ниятим ҳам холис эди. Демак, Аллоҳ бизни сарсон қилиб қўймайди, ҳужжат билан боғлиқ дилхиралик ва оворагарчиликларга рўбарў қўймайди”.
Кўнгилда “Аллоҳим, Ўзингга таваккал қилдим, ҳожатларимни Ўзингга ҳавола этдим!” деган ишонч билан, хотиржам ҳолатда тавофни давом эттира бошладим. Олтинчи бор айланаётганимда оёғимга нимадир илашиб, юришга ҳалақит бера бошлади. Кейинги айланишлар одатдагидан тезроқ бўлгани учун тўхтаб олиб ташлашнинг асло иложи йўқ эди. Қийналиб, терга ботиб кетдим. Тавофни тугатиб, сал четроққа чиқиб, онажонимни елкамдан туширдим. Шу пайт оёғимга илашган нарса эсимга тушди. Не кўз билан кўрайки, йўқотган сумкачамиз экан. У қандай тушиб қолди, орадан бирор вақт ўтиб яна қандай топилди ва, энг асосийси ва ҳайратланарлиси, қай тарзда айнан менинг оёғимга илашди – бу саволлар мени анча шошириб қўйди.
Маккада йўқолган хамён (Ҳётий ҳикоя)
Фикр билдириш
Фикр билдириш