Когон магистрал газ қувурлари бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширувда аниқланишича, “Ўзтрансгаз” АЖнинг Когон магистрал газ қувурлари бошқармаси “Бухоро пластик” ҚК, “Сарапул автогаз”, “Дельта автогаз”, “Асл метан газ”, “Дилдора”, “Дилдора-2”, “Наврўзов Муроджон”, “Темур Искандарий” МЧЖларга “Вобкент” газ тақсимлаш станциядаги саноат газ тармоғи орқали табиий газ етказиб бериш хизматини кўрсатиб келган.
Маълум бўлишича, газ тармоғи орқали етказиб берилган табиий газ ҳажмини назорат тартибида ўлчаш учун қўйилган А14FB214-рақамли “Autopilot PRO” русумли газни ҳисоблаш приборининг дастурий тизим хотирасига қувур диаметрини торайтирувчи қурилма (диафрагма) ўрнатилган. Қувурнинг ушбу диафрагма ўрнатиладиган қисмига охирги марта 2022 йил 19 декабрда 00049540, 0002750-рақамли бир марталик назорат тамғалари ўрнатилиб, хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилган.
2023 йил 23 январда “Ҳудудгаз Бухоро” ГТФ, “ЎзММИ” ДМ Бухоро филиали ва Когон МГҚБ вакиллари иштирокидаги ўрганишлар давомида аниқланишича, “Вобкент” ГТС саноат газ тармоғи текширилганида қувурнинг диафрагма ўрнатиладиган қисмидаги бир марталик тамғаларга ташқи таъсир кўрсатилган. Қувурга қайд этилган диафрагма ўрнига бошқа ўлчамдаги диафрагма ўрнатилган. Яъни газни ҳисоблаш приборига ташқи таъсир кўрсатилган бўлиб, ҳисоблагичдан ўтган табиий газ сарфи камайтириб кўрсатилишига эришилган ва ҳисобдан ўтмаган табиий газ талон-торож қилингани аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 2-иловасидаги “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 125-банди “г” кичик бандига асосан Когон МГҚБ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.