Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги хабар қилишича, Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари давом этмоқда.
Мактаблар Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасида, Қарши шаҳри Алишер Навоий номли истироҳат боғига туташ ҳудудда, Жиззах шаҳри Олимпия захиралари спорт коллежи ёнида, Фарғона шаҳар Қашқар кўчаси ва Бухоро шаҳрининг Навоий шоҳ кўчасида қурилмоқда.
Ўқув муассасалари бошқа Президент мактаблари каби 168 ўқувчига мўлжалланган. Бу ерда ётоқхона, стадион, бассейн, ёпиқ ва очиқ спорт заллари, кутубхона, болалар дам олиш жойлари, чет элдан келадиган ўқитувчилар учун алоҳида меҳмонхона, автотураргоҳ, ота-оналар учун кутиш жойи бўлади.
Маълумки, коронавирус пандемияси сабаб Президент мактабларига ўқувчилар қабули номаълум муддатга қолдирилган эди.
Бу вазиятга Агентлик томонидан аниқлик киритилишича, Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида фаолият юритаётган Президент мактабларига 2020/2021 ўқув йили учун ўқувчиларни бешинчи синфга қабул қилиш имтиҳонлари 2021 йилга қолдирилиб, 2021/2022 ўқув йилида ўқувчилар бешинчи ва олтинчи синфларга қабул қилинади. Имтиҳонлар эса болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади.
Айтиш жоизки, Президент мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилади. Президент мактабига боланинг ўқиш жойи бўйича ҳудудий тамойил асосида қабул қилинади. Бунда умумтаълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари имтиҳон асосида сараланади.
Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида очиладиган Президент мактабларига бешинчи синфдан ўнинчи синфгача ўқувчилар қабули ҳам келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирча эса Президент мактабларида ўқиш истагида бўлган ўғил-қизлар имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўриши ва қўшимча вақтдан унумли фойдаланиб туриши мумкин.