Шу кунларда Бухоро вилоятининг 4-сектори ишчи гуруҳи томонидан Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар давом этмоқда. Пулларни эгаларига етказиш жараёнларида сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари якка ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган ва бошқалар қарамоғига муҳтож кам таъминланган оилаларда бўлиб, уларга давлатимиз томонидан ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини етказдилар.
Бухоро шаҳридаги «Шайхул олам» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) Қарши дарвозаси кўчасида яшовчи Сувон Содиқовнинг оиласи эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар сирасига киради. Шунинг учун пандемия даврида ушбу оилага сектор ва ҳомий тадбиркорлар томонидан зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари вақти-вақти билан етказиб бериб турилди. Бугун эса Сувон Содиқов ва унинг турмуш ўртоғига давлатимиз томонидан ажратилган 220 минг сўмдан жами 440 000 сўм моддий ёрдам пули берилди.
Бухоро шаҳар 4-сектор ҳудудидаги 14-сонли «Ибн Сино» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини)да яшовчи Моҳинур Убайдуллаеванинг турмуш ўртоғи шу пайтгача чет элда ишлаб рўзғор тавшини бир мунча енгиллатиб келаётган эди. Бироқ пандемия туфайли оила боши ва тўйхонада хизматчилик қилиб ётган аёли – Моҳинур Убайдуллаева ҳам иш ўрнини йўқотишган. Шу боис ушбу оила ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида рўйхати шакллантирилган оилалар қаторига киритилиб, Моҳинур Убайдуллаева ва унинг бир нафар фарзандига 220 минг сўмдан жами 440 000 сўм моддий ёрдам пули берилди.
Бухоро шаҳар 4-сектор ҳудудидаги «Собир Рахимов» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) Чўлпон кўчаси, 10-уй, 4-хонадонда яшовчи Миржон Миржалоловнинг тўнғич фарзанди Миразиз 20 ёшда. Тақдир тақозоси билан у туғма ногирон бўлиб туғилган. Яширишнинг ҳожати йўқ оила аъзолари касалманд фарзанди учун зарур муолажаларни олишда, айниқса карантин даврида бир мунча қийналиб қолишган. Шунинг учун сектор ишчи гуруҳи ва маҳалла фуқаролар йиғини ушбу оилани эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатига киритгандилар. Куни-кеча ишчи гуруҳи аъзолари давлатимиз томонидан ажратилган моддий ёрдам пулларини уларга етказдилар.
Сектор ишчи гуруҳи шу куни мазкур маҳалланинг Чўлпон кўчаси 5-уй 6-хонадонида бир неча йиллардан буён ёлғиз ўзи яшаб келаётган 85 ёшли Сергей Иртиковнинг ҳам хонадонида бўлиб ундан кўнгил сўрашди. Суҳбат давомида унга банк ходимлари давлатимиз томонидан ажратилган 220 000 сўмни белгиланган тартибда етказишди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида муҳтож оилаларга моддий ёрдам пулларини ўз эгаларига етказиш ишлари шаффофлик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, Бухоро шаҳар «Абдуҳолиқ Ғиждувоний» маҳалла фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳи аъзолари карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда сектор раҳбари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар ҳамда якка ёлғиз кексалар ва ишсиз фуқароларга шакллантирилган рўйхат асосида бир марталик моддий ёрдам пуллари белгиланган тартиб доирасида тарқатилди.
Когон шаҳар «Зирабод» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) Саховат кўчаси 1-уйда яшовчи 65 ёшли Тошбиби Болтаеванинг оиласи 8 кишидан иборат. Аксига олиб улардан ҳеч бири ишламайди. Кекса онахоннинг катта қизи карантин туфайли Россиядаги иш ўрнини йўқотиб уйига қайтиб келгани боис, уларнинг рўзғори асосий даромад манбаидан узилиб қолган. Унинг устига оиланинг икки нафар аъзоси касалманд. Шу боис ишчи гуруҳининг хулосаси билан ушбу оилага 1 миллион 760 000 сўм ажратилди.
Когон шаҳар «Зирабод» МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини) Рудакий кўчасидаги 16-уйда яшовчи 63 ёшли Сабоҳат Ҳусенова боқувчисини йўқотган. Боз устига зарур иш стажига эга бўлмагани боис, унга тайинланган пенсия пули ҳам айтарли эмас, яъни бор йўғи 300 минг сўм атрофида. Ёлғиз суянчиғи бўлган қизи эса карантин туфайли чет элдан келолмаяпти. Когон шаҳар 4-сектор раҳбари ишчи гуруҳи билан ушбу оиланинг аҳволини ўрганиб, қария ва у билан бирга яшаб келаётган 2 нафар набирасини моддий ёрдам кўрсатиладиганлар рўйхатига киритганди. Куни-кеча уларга ҳам ишчи гуруҳи аъзолари банк ходимлари иштирокида давлатимиз томонидан ажратиган 660 000 сўмни етказдилар.
Шу куни «Темир дафтар»га киритилган 63 ёшли Генадий Онковнинг 5 кишидан иборат оиласига ҳам давлатимиз томонидан ажратилган 1 миллион 100 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам маблағи ўз эгаларига етказилди.
Пандемия шароитида қийналиб қолган ушбу оила ва уларнинг икки нафари касалманд фарзандларига анча далда бўлди.
Эътиборлиси, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Когон шаҳрининг барча секторларида эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни мураккаб ижтимоий вазиятидан чиқиб кетишида кўмаклашишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилган.
Бир сўз билан айтганда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятнинг 4-секторида «Темир дафтар»га киритилган жами 2 981 та оилаларга шу кунга қадар давлатимиз томонидан ажратилган 2 миллиард 379 миллион сўмлик пул маблағи ҳозиргача ўз эгаларига етказилди.
Бухоро вилояти ДСБ Матбуот хизмати.