«Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» президент қарорига кўра, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача бир қатор акциядорлик жамиятлари биржа орқали сотилиши кўзда тутилган. Хусусан, улар орасида UzAutoMotors компанияси ҳам бор эди.
Ўзбекистоннинг машҳур автомобил ишлаб чиқарувчиси биржага чиқмоқда. Хусусийлаштиришнинг биринчи босқичида UzAuto Motors “Тошкент” республика фонд биржасига 5 фоизгача акцияларни жойлаштирди. Қимматли қоғозларни биржада жойлаштиришни Ўзбекистонда ва хорижда IPO ва SPO бўйича катта тажрибага эга Freedom Broker халқаро инвестиция компанияси амалга оширмоқда.
Бу ҳақда куни кеча Бухоронинг «Sahid Zarafshon» мехмонхонасида ташкил этилган маркетинг тадбирида Freedom Broker инвестиция компанияси эълон қилди. Тадбирда маҳаллий тадбиркорлар, бизнес вакиллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. Кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортган мазкур тадбирда Молия вазирлиги вакиллари, UzAuto Motors ва Freedom Broker компанияси ўз тақдимотлари билан жамоатчиликка қизиқ бўлган маълумотларни улашишди.
Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистон капитал бозорини рағбатлантириш мақсадида UzAuto Motors акциялари харидорлари ўртасида Chevrolet Tracker автомобили ўйналмоқда. Автомобил ишлаб чиқарувчиси акцияларини ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар сотиб олишлари мумкин.
2020 йилдан буён UzAuto Motors Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилар ўнлигидан жой олиб келмоқда. Унинг 2021 йилдаги соф даромади 166 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ушбу йилда UzAuto Motors ўз акциядорларига 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида дивидендлар тўлади. Бундан ташқари 2026 йилга келиб даромад нисбатан 2 баравар ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон ички эҳтиёжининг ўсиш кўрсаткичлари жуда юқори бўлиб, 2027 йилгача аҳоли сони ўсиши 7%ни, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ўсиши эса 168% ни ташкил этади. Бу эса компаниянинг ишлаб чиқариш даражасини янада оширади.
Компаниянинг IPO лар доирасида 20%гача чегирма эълон қилган. Шунингдек, инвестициялардан келадиган даромад 28% га баҳоланган.
– Компания қанчалик фойдали ва муваффақиятли бўлса, унинг қимматли қоғозлари шунчалик кўп даромад келтиради. Молиявий таҳлилчилар башорат қилмоқдалар, чунки UzAuto Motors рентабеллиги туфайли компаниянинг қимматли қоғозлари маҳаллий ва хорижий инвесторлар орасида юқори талабга эга. Шунинг учун кейинчалик уларнинг нархи ошиши мумкин, — дейди Freedom Broker ижрочи директори Евгений Можейко.
Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Жаҳонгир Муродовнинг таъкидлашича, инвестициялардан кутилаётган даромад 28% рентаблликни ташкил этади. Яъни компания акциясини сотиб олган инвестор келажакда ўз маблағларини 28% га кўпайтириш имкониятига эга бўлади. Бу Ўзбекистондаги банклар томонидан таклиф этилаётган энг юқори омонат фоиз ставкасидан ҳам кўпдир.
«UzAuto Motors акцияларини сотиб олган харидор 2 хил даромадга эга бўлади: Компания фойда кўрганда дивидент ҳисобига кўриладиган даромад ва келажакда акциялар қимматлашиши ҳисобига келадиган даромад. Компания йилига 200 млн АҚШ доллари атрофида фойда кўришини ҳисобга олсак, сотиб олинадиган акциялар яқин келажакда кафолатланган даромад бўла олади» – дейди Мирзаев Бахтиёр UzAuto Motors АЖ ғазначилик ва молия бўлими бошлиғи
UzAuto Motorsнинг IPOси нафақат маҳаллий, балки халқаро инвесторларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Freedom Broker Frontera Capital, Газпромбанк, Осиё тараққиёт банки, Bank of New York Mellon каби халқаро фондлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, улар ҳам акцияларни сотиб олишга қизиқиш билдирган.