Янги Меҳнат кодексининг кучга кириши, автомобиль ҳаракати максимал тезлигининг пасайтирилиши, пенсионерлар метрода бепул ҳаракатланиши, бир қатор солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши — шу ва бошқа қонунчиликдаги ўзгаришлар 2023 йил 1 апрелдан кучга киради.
Пенсия ошади
Президент фармони билан 1 апрелдан пенсия ва нафақалар миқдори 7% га оширилади.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш тарифлари ўзгаради
Президент қарорига мувофиқ жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида қуйидагича тартиб жорий этилади:
— бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланади;
— йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъий назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилади;
— йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Янги Меҳнат кодекси кучга киради
30 апрелдан бошлаб якка тартибдаги меҳнат ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган жамоат муносабатларини ишчилар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлаш ҳамда уйғунлаштириш асосида тартибга солишга қаратилган Меҳнат кодекси амалда бўлади.
Профессионал таълим муассасаси педогогларининг базавий тариф ставкалари оширилади
Қонунчиликка кўра:
— профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
— профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларнинг ногиронлиги идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади
Ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Айрим тадбиркорларга мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
— 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади;
— даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади;
— давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
— юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.
Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун субсидия берилади
Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади.
Дастур доирасида:
— жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманлар марказларида транспорт воситалари ҳаракат тезлиги соатига 60 километргача туширилади
Президент фармонига асосан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига субсидиялар беришда my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтиш талаб этилади
Президент қарорига асосан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда белгиланган тартибдаги мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.