«Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад соҳада бўлиб ўтаётган янгиланишлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган амалий ишлар билан таништиришдан иборат бўлди. Анжуман давомида сўзга чиққанлар дастлаб вилоятда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳамда сервис хизмат кўрсатиш, соҳада турли мавжуд камчиликларнинг олдини олиш, қонун бузилишларига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган самарали ишлар, икки босқичли тизимга ўтиш, қарздорликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган жараёнлар тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Таъкидлаш лозим, бугун Бухоро вилоятида «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиал томонидан мавжуд жами 262 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари табиий ва 165 мингдан ортиқ истеъмолчилар эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.
Табиий газ истеъмолчиларига газ таъминоти филиали тасарруфида бўлган 7609 км газ қувурлари ва 6733 та газ маромлаш пунктлари орқали етказиб берилмоқда.
Газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилда мавсумга тайёргарлик ишлари самарали ташкил этилди. Жараёнлар эса айни дамда барча туман ва шаҳарларда давом этмоқда. Матбуот анжумани давомида бу бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, газ тақсимлаш пунктларида капитал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилганлиги, 5764 дона газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилинганлиги, жойлардаги 380 кмдан ортиқ газ қувурларининг тўлиқ бўялганлиги қайд этилди. Таъкидлаш лозим, Қоровулбозор, Олот, Когон, Вобкент ва бошқа бир қатор ҳудудларда газ қувурлари рекострукция қилиниб, ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилди. «Янги Ўзбекистон» массивлари доирасида газ қувурлари тортилди. Натижада эса аҳолининг табиий газ таъминотининг яхшиланишига эришилди. Таъкидлаш лозим, газ маромлаш қурилмалари ва қувурлари эстетик жиҳатидан тартибга келтирилди. 2022 йилда 66 тасида эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари амалга оширилди. 50 та газ маромлаш қурилмаларида эса ҳимоя тўсиғи ўрнатилди. Амалий жараёнлар вилоятнинг 4 та туманларида, яъни Олот, Пешку, Когон, Қоровулбозор ҳудудларида тўлиқ якунига етказилди. Маълумки, юртимизда деярли барча соҳада инновацион янгиланишлар кузатилмоқда. Замон билан тенгма тенг қадам қўймоқдамиз. Шубҳасиз, бу янгиланиш газ тизимида ҳам бўй кўрсатди. Табиий газ истеъмолчилари учун янги тизим яратилди. 2020 йилнинг 24-центябрида «ТАБИИЙ ГАЗ НАЗОРАТИ ВА ҲИСОБИНИНГ АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ги қарори қабул қилинди. Қарор ижроси эса бугун таъминланмоқда. Вилоятда табиий газ истеъмолчиларига замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари босқичма босқич амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 255 мингдан ортиқ истеъмолчига ҳисоблагичлар ўрнатилди. Тадбир давомида соҳа мутахассислари қарздорликнинг пасайганлиги, истеъмолчиларнинг тўлов маданиятига риоя қилиб келаётганлиги ҳақида ҳам кўрсаткичлар мисолида таъкидлаб ўтилди. Газ таъминоти филиали томонидан нафақат табиий, балки табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудуд истеъмолчиларига суюлтирилган газ баллонлари жамият тасарруфидаги 9 та МАН русумли автотранспорт воситалари орқали олиб келинади.
Маиший газ балонларини газ тўлдириш шоҳобчаларидан аҳоли хонадонларига етказиб бериш учун шаҳар ва туман газ филиаллари ҳисобидаги 42 дона ИСУЗУ ва 1 дона КАМАЗ русумли махсус автотранспорт воситалари хизмат кўрсатиб келмоқда. 10 та туманда истиқомат қилувчи истеъмолчиларга вилоятда 6 та газ тўлдириш шоҳобчаси ва станциялари орқали суюлтирилган газ тўлдирилиб, белгиланган жадвал асосида етказилмоқда. Жорий йилда 16627 тонна суюлтирилган газ тарқатилди.
Бугун маиший газ баллони истеъмолчиларига яна бир қулайлик яратилди. Яъни улар ҳисоб-китобни махсус ИД карталар орқали амалга ошириб келмоқда. Бундан мақсад суюлтирилган газни етказиб бериш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш, суюлтирилган газ учун тўловни соддалаштириш, истеъмолчи томонидан нақд пул қабул қилинишини истисно қилишдан иборат экан, бу ҳақида тадбир давомида батафсил маълумот берилди. Айни дамга қадар 187463 та газ баллонларига махсус стикерлар ўрнатилди ҳамда 165376 нафар истеъмолчи махсус карталар билан таъминланди.
Матбуот анжумани давомида уй ичи газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш, белгилаб берилган нархномалар тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтилди. Тадбир сўнгида журналист ва блогерлар томонидан саволлар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.