Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темирйўл ва авиачипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёз тикланади.2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдирилади.
Боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.”Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, ва бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман. Фақат пухта ишланган, адолатли ва шаффоф тизим асосида бўлиши керак”, деди президент.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда инфратузилмани ривожлантиришдаги муаммолардан келиб чиқиб, президент мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига қатор топшириқлар берди.
Хусусан, “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтган қисмини реконструкция қилишга 160 миллион доллар жалб этилади.
Таъмирталаб бўлган 1 минг 500 километр сув тармоқлари, 150 дан зиёд қудуқ, насос ва сув станциялари таъмирланади.
Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказларида оқова сув тармоқлари қурилади.128 та трансформатор, 7,5 мингта симёғоч устунлари алмаштирилади.
Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳри ва туманида ички йўлларни таъмирлаш участкалари ташкил этиш, уларга етарли штат, зарур маблағ ва техникалар ажратилади.
Давлат раҳбари икки ой муддатда Қорақалпоғистонда халқаро ва ички автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишга топшириқ берди.