Нега доим газ етишмайди? Тизимдаги кўплаб муаммолар қаторида тафсилотлари Ўзбекистон халқидан негадир сир сақланадиган “Маҳсулот тақсимотига оид битим” деб аталувчи келишувлар газ етишмаслигининг бош сабабларидан бири бўлиши мумкин. Ўзбекистон 2000 йиллардан буён бир нечта бундай келишувни имзолаган. Президент Мирзиёев бундай келишувларни «миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган» деб атаган. Маҳсулот тақсимотига оид битимлар орқали Ўзбекистондан йиллар давомида қанча табиий газ олиб кетилганини очиқ манбалардан топишнинг имкони бўлмади, аммо бир неча миллиардлаб куб метр газ эканини тахминий ҳисоб-китоб қилиш мумкин.
Ўзбекистон табиий газ захираларига бой давлатлардан бири ҳисобланади – дунёдаги 190 га яқин давлатлар орасида 15-ўринда туради. Табиий газ захираларининг ҳажми турли ташкилотларнинг баҳолашича 800 миллиард куб метрдан – 1 триллион 800 миллиард куб метргача дейилади. Бир йилда тахминан 40-60 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Захиралар ҳозирги ишлаб чиқариш суръатида 18 йилдан 40 йилгача етади.
Нефть ва газ соҳасида “Ўзбекнефтегаз” деб аталган давлат ташкилоти газ конларини қидириш, қазиб чиқариш, ташиш ва сотишга асосий масъул ташкилот ҳисобланади. Аммо бу ташкилотнинг сўнгги йиллардаги молиявий ҳисоботларида экспорт қилинган газ миқдори жуда оз миқдорда кўрсатилган. Демак, Ўзбекистоннинг маҳсулот тақсимотига оид битимлари орқали Ўзбекистоннинг ҳудудидан чиқиб кетган газ “Ўзбекнефтегаз”нинг ҳисоботларига кирмайди. Бошқача сўз билан айтганда, миллиард куб метрлаб чиқиб кетаётган газ Ўзбекистоннинг мулки эмас, шу сабабли ҳам уни экспорт деб ҳам атаб бўлмайди. Яна ҳам тушунарли айтилса, Ўзбекистон ҳудудида ер қаъридан чиқаётган газнинг эгаси ўзимиз эмасмиз – шартнома шунақа.
Бундай ҳолатнинг юзага келишига сабаб бўлган, президент таърифи билан айтганда «миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган» шартномалар нечта? Қачонгача тузилган? Уларни ўзгартириш мумкинми? Билишимиз зарур бўлган тафсилотлар, битим шартлари қандай? Маҳсулотнинг неча фоизи Ўзбекистонга, неча фоизи бошқа давлатларга кетиши нега эълон қилинмайди?
“Маҳсулот тақсимотига оид битим” (Production sharing agreement – PSA, Соглашение о разделе продукции – СРП) бирор мамлакат ҳукумати ва табиий ресурсларни қазиб олувчи чет эл компанияси ўртасида тузиладиган халқаро шартнома ҳисобланади. Одатда чет эл компанияси геологик қидирув ишларини олиб боради. Бирор жойдан нефть ёки табиий газ кони топилса, уни ривожлантириш, қуриш ва қазиб чиқариш ишларини амалга оширади. Бунинг эвазига қазиб чиқарилган маҳсулотнинг бир қисми бойлик топилган давлатга, бир қисми эса чет эл компаниясига тегишли бўлади. Нефть ва газ компаниялари бундай шартномалар ортидан одатда жуда катта фойда қилиши мумкин. Одатда бундай шартнома конларини ўзи тадқиқ қила олмайдиган ёки бунга капитали йўқ ҳукуматларга қўл келиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда Энергетика вазирлиги президентнинг ПҚ-4142 ва ПФ-5646 қарор ва фармонлари билан маҳсулот тақсимотига оид битимларни амалга ошириш бўйича масъул этиб белгиланган. Ўзбекистон қўйидаги маҳсулот тақсимотига оид битимларни имзолаган:
1. Шахпахта кони (Қорақалпоғистон республикаси) – “Ўзбекнефтегаз” ва “Газпром” (Россия) ўртасида тузилган – 2004 йил 14 апрелда имзоланган. 15 йил муддатга тузилган ушбу битим 2019 йилда муддати тугаган. Сўнг яна 5 йилга 2024 март ойигача узайтирилган.
2. Қандим конлари гуруҳи, Хаузак, Шоди ва Қўнғирот участкалари (Бухоро вилояти) – Ўзбекистон ва “Лукойл” (Россия) ўртасида тузилган – 2004 йил 16 июнда имзоланган. Шартнома 35 йилга имзоланган. 2014 йилда 7 йилга узайтирилиб 2046 йилгача этиб белгиланган.
3. Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари (Қашқадарё вилояти) ва Устюрт конлари (Қорақалпоғистон республикаси) – Ўзбекистон ва “Лукойл” ўртасида тузилган. Битим 2007 йил 23 январда имзоланган ва 36 йил муддатга тузилган.
4. “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони (Сурхондарё вилояти) – Ўзбекистон ва “Газпром”нинг Европадаги шўъба корхоналари (Россия) ва тадбиркор Андрей Филатов (Россия) корхоналари консорциуми ўртасида тузилган – 2017 йил 5 апрелда имзоланган.
5. Жел кони (Қорақалпоғистон республикаси) – Ўзбекистон ва “Газпром” (Россия) ўртасида тузилган – 2018 йил 18 октябрда битим имзоланиб, 25 йил муддатга тузилган.
Манбалардан фақатгина Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари лойиҳасида Ўзбекистоннинг улуши 55 фоиздан 80 фоизгача эканлиги айтилган. Қолган лойиҳаларда Ўзбекистонга тегишли табиий газнинг улуши қанча бўлиши очиқ манбаларда айтилмаган.
“Лукойл” компанияси 2004 йилдан 2021 йилгача бўлган муддатда компания томонидан 100 миллиард куб метр газ қазиб чиқарилганини эълон қилган. Демакки, бир неча 10 миллиард куб метр газ ҳозирги кунгача тақсим қилиниб, Россияга кетган.
Эсингизда бўлса, 2 йил аввал Ўзбекистон Лукойлдан $600,000,000 қарз бўлиб қолган эди. Шунда президент Мирзиёев: “Лукойл” компанияси Ўзбекистонда газ қазиб олмоқда. Биз улардан минг кубини 146 доллардан харид қилиб, аҳолига 46 доллардан сотяпмиз. Орадаги фарқ эвазига компаниядан қарз бўляпмиз. Ҳар минг кубометрдаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган. Бу рақам кун сайин ортиб боряпти. Балки, бу компания билан ишлаётганимиз, нотўғридир. Нима учун шартнома тузилганда миллий манфаатлар инобатга олинмаган?», деган эди.
Демак, ўзимизнинг газни аҳолига бериш учун жаҳон нархида “Лукойл”дан сотиб олишга мажбур бўлганмиз.
Оғриқли нуқталардан яна бири келишувлардаги ушбу шарт: “Битим имзоланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига Битим шартларини ёмонлаштирадиган ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилганида, Битимда кўзда тутилган шартлар ўз кучини сақлаб қолади”. Яъни, бу битимлардан воз кечиш осон иш эмас, амалда имкони деярли йўқ. Лекин янгиларини тузмаслик ва 2024 йилда муддати тугайдиган битимларни узайтирмаслик имкони бор.
Тўғри, инвестор бир неча йил давомида маблағ сарфлайди, аммо оладиган маҳсулотини сотиш ҳисобига бу сарфлаган маблағлар бир неча баробар, балки ўн-юзлаб баробар бўлиб фойда келтиради. Ўзбекистон эса етарли технологияга, инженер-мутахассисларга, заводлар, конлар қурадиган компанияларга эга бўлмагани сабабли оғир шартлардаги битимларга рози бўлишга мажбур бўлади. Яна илм-фан, таълим, технологиялар муаммоларига қайтиб келамиз.
Маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг тафсилотини, хусусан, неча фоизи Ўзбекистонга ва неча фоизи чет эл компанияларига кетишини халқ билиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида айтилганки: “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”. Умуммиллий бойликни эса ҳукумат ёпиқ келишувлар билан бериб юбориши асло мумкин эмас.
Бу маълумотлардан қуйидагича хулосалар ясаш мумкин:
1. Келишувларнинг тафсилоти, хусусан, табиий газнинг неча фоизи Ўзбекистонга, неча фоизи чет эл компанияларига кетиши ҳар бир маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича эълон қилиниши шарт.
2. Агар ушбу битимлар «миллий манфаатларга зид» деб топилса, бошқа бу турдаги келишувларни қилмаслик керак. Борларини узайтирмаслик керак.
3. Технология, илм-фанни жиддий ва мақсадли ривожлантириш, юқори малакали инженер-мутахассисларни тайёрлаш керак.
4. Дунёда технологиялар фақат Россиядагина эмас, бошқа мамлакатларда ҳам борлиги тушуниш керак.
Музаффар Ҳусниддинов