Аввал хабар қилганимиздек, «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
- «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимида яратилган жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулни барча терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга уланишини ва 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилишини;
- уч ой муддатда жиноятлар ҳақидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар:
- суриштирувчи ва терговчиларни видеотасвирга олиш воситалари билан таъминлаш;
- тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларини тергов ҳаракатларини видеоконференсалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
- бир ой муддатда Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
- икки ой муддатда прокуратура органларининг белгиланган штат бирлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тизимида прокурор-криминалист лавозимини жорий этиш;
- уч ой муддатда Давлат бюджети параметрларида прокуратура органлари учун ажратилган маблағлар доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан прокурор-криминалистларни замонавий махсус жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради.