«Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» Ҳукумат қарори (466-сон, 07.08.2020 й.) қабул қилинди.
Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, профессионал таълим меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган реал эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида таълим олишга мўлжалланган.
Профессионал таълим тизимида кадрлар тайёрлаш касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда амалга оширилади.
Ушбу таълим муассасаларини ташкил этиш ва тугатиш Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Нодавлат профессионал таълим муассасалари белгиланган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахслар томонидан ташкил этилади.
Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари профессионал таълим муассасаларининг муассиси бўлиши мумкин.
Коллежлар ва техникумларда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари жорий этилади. Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра, гуруҳларда камида 12 нафар ва кўпи билан 30 нафар ўқувчи бўлади.
Таълим дастурларини муваффақиятли битирганларга давлат намунасидаги диплом берилади. Диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.