Бу йил Ўзбекистонда энг улуғ ва энг азиз байрам давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги тантана қилинмоқда.
Мамлакатимиз ва хусусан, Вобкент туманида охирги уч йил давомида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда туманимизнинг барча қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларида кўриб, қалбан ҳис этиш мумкин.
Бу йил Вобкент туманида ҳам Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги туман маданият бўлими бошчилигида Вобкент туманининг «Марказий ўйингоҳида» ўтказилди.
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Вобкент туман ҳокимлиги раҳбарияти, меҳмонлар фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Фарҳод Умаров сўзга чиқиб, -«Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам барча-барчангизни, сиз орқали эса бутун туманимиз аҳлини самимий муборакбод этаман. Истиқлол байрами қутлуғ бўлсин! Ватанимизнинг ўттиз бир йиллик тўйи муборак, азизлар!»- деб барчани байрам билан табриклади.
Шу билан бирга, бир қатор фаол, спорт ва маънавий тадбирлар соҳасида ғолибликни қўлга киритган ғолиблар Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мустақиллик байрами осмонига турфа ранглар қўшди. Халқимизга ва ёшларга қаратилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрлик албатта энг улуғ, энг азиз байрам олдидан халқимизнинг кайфиятини кўтаришга хизмат килади. Зеро, мамлакатимизда эл азиз, инсон азиз.