Савол: Икки нафар фарзандимиз бор, келишмовчиликлар туфайли 2022 йил февраль ойидан буён яшамаймиз, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилмоқчиман, ушбу талаб билан бирга яна қандай талабларни илгари суришим мумкин.
Саволга жавобни фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков беради.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси
42-моддасининг 2-қисмига кўра, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Ушбу Кодекснинг 40-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Кодекснинг 44-моддасига кўра,Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:
никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;
вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;
эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;
эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.
Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.
Икромжон Тошов,
Бухоро вилоят суди судьяси
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси