2007-2011 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Қоракўл туманлараро судининг судьяси ва суд раиси бўлиб ишлаган давримда, халқимиз орасида ҳақиқий юрт фарзанди, жонкуяр ва фидоий ҳуқуқшунос, кўплаб шогирдларига ҳақли равишда устозлик қилган инсон Сувон Арслонов ҳақида ижобий фикрлар эшитгандим. Бу инсоннинг суд соҳасидаги фаолияти менга катта қизиқиш уйғотди. Шу боис унинг хаёт йўли билан яқиндан танишишга жазм қилдим.
Сувон Арслонов 1936 йилда Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Дўрмон қишлоғида таваллуд топган. 1943 йилда 5-сонли етти йиллик мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилинган. Мазкур мактабнинг 7 синфини 1950 йилда тамомлаб, шу йили Қоракўл туманидаги 1-сонли мактабда 8-синфдан бошлаб ўқишни давом эттирган. 1954 йилда мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 1955 йилда Қоракўл туман халқ суди котиби вазифасига ишга қабул қилинган. 1957 йил декабрь ойидан 1960 йил июль ойига қадар армия сафида хизмат қилган.
Харбий хизматда хам қисм командирларининг эътирофига сазовор бўлади. Армияда ўз бурчини виждонан адо этиб, қайтгач илгари ишлаган туман халқ судида котиб бўлиб, 2 йил мобайнида меҳнат қилади. Сўнгра, 1965 йилга қадар Қоракўл туман халқ судининг суд ижрочиси бўлиб ишлай бошлайди. Бу орада Сувон Арслоновнинг ҳуқуқшунослик соҳасига қизиқиши янада ортиб, айнан шу касбга бўлган мухаббати туфайли, Тошкент давлат университетининг юридик факультетини сиртдан тамомлайди. Олий юридик юридик маълумотга эга бўлгач 1965 йил 19 декабрь куни Қоракўл туман халқ судига суд раиси бўлиб сайланиб, бу шарафли вазифани 1970 йилга қадар садоқат билан бажаради. 1970-1972 йиллар оралиғида Ғиждувон туман халқ судида раис бўлиб ишлайди. Сувон Арслонов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раҳбарияти назарига тушиб, Олий суд судьялигига ишга таклиф қилинади. Бу юқори лавозимда (1972-1974 йилларда) ҳам муносиб хизмат қилади ва 1974 йилдан 1987 йилга қадар Олот туман халқ судининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.
У киши ишлаб юрган даврларда бир қанча мукофотлар, фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган. Қолаверса, устознинг қўли очиқлиги ҳамда саховатпеша инсон эканлиги ҳақида шоир ва ёзувчи Жўра Ҳамронинг “Куйган кўнгил” номли ҳикоялар тўпламида у инсонга бағишлаб “Саховат” номли ҳикоя ҳам ёзилган. Бу ҳикояни ўқиган кишининг эти жунжикиб кетади. Юртимизда ана шундай саховатли инсонлар яшаб ўтганига тасанно айтгинг келади.
Сувон Арслонов меҳнат фаолияти давомида бир қанча шогирдлар етиштириб, уларни чинакам ватанпарвар, комил инсон қилиб тарбиялади. Эътиборлиси шундаки, устознинг ўғли ва бир нечта набиралари у кишининг изидан бориб ҳуқуқшунослик касбини танлади. Ҳозирда улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатиб келмоқда.
Афсуски бевақт ўлим, устозни 51 ёшида ҳаётдан эрта олиб кетди. Сувон Арслоновнинг умр йўли қисқа бўласа-да, жуда мазмунли яшади.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.М.Муллабаева