Когон шаҳар ҳокимлиги, Халқ таълими бўлими томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг 9 нафарини суннат тўйини ўтказиб берди. Когон шаҳридаги базмгоҳида ташкиллаштирилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари тўй болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик иштирок этди.
Кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган болаларнинг суннат тўйлари миллий анъаналаримиз асосида ўтказилгани барчага қувонч ҳадя этди, тўй болалар ва уларнинг ота-оналари қутловлардан мамнун бўлди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлашди. Тўй болаларга Ватан корига ярайдиган камарбаста инсонлар бўлишларини тилашди.
Тўй кечаси болалар қалбида бир умрлик муҳр қолдириши учун ташкилотчилар анча жонбозлик кўрсатишди. Болаларга тўй сарпоси, велосипедлар ва бошқа эсдалик совғалари топширилди. Уларни ўйин-кўлгуга чорловчи куй ва қўшиқлар янгради.
Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.