Бухорода 400 дан ортиқ қадимшунослик, меъморчилик ёдгорлиги, шу жумладан 11 меъморий сарой ансамбли, 8 мақбара, 47 масжид, 14 карвонсарой, 39 мадраса, 250 турар жой, давлат муҳофазаси остидаги 32 монументал санъат ёдгорликлари мавжуд. Бухоро шаҳрининг 339 гектар майдони муҳофазага олинган. Шундан 4 гектарга яқинини Арк қалъаси ташкил этади. Бухоро арки ҳақида дастлабки маълумотларни Муҳаммад Жаъфар Наршахий („Бухоро тарихи“), Садриддин Айний („Тарихи амирони манғитияи Бухоро“, „Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар“ ва „Эсдаликлар“), Носирхон Тўра („Тадқиқоти Арки Бухоро“), Мусо Саиджонов („Бухоро шаҳри ва унинг эски бинолари“), I.Rempel ва бошқалар маълум даражада муҳим маълумотларни ёзиб қолдирганлар. Бухоро меъморий ёдгорликлари орасида энг машҳур ва маълуми Бухоро аркидир. Бухоро ҳисорининг илк тадқиқодчиси Ўрта Осиёнинг тўнғич тарихнавис олими Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий (899–959) машҳур „Бухоро тарихи“ асарида) ҳисобланади. „Бухоро тарихи” асарида ёзилишича, Эрон шоҳи Кайковуснинг ўғли Сиёвуш Афросиёбнинг қизига уйланади ва Бухорода ҳозирги Арк қўрғонини бунёд этади. Машҳур форс-тожик шоири Абулқосим Фирдавсий ўзининг машҳур ва маълум „Шоҳнома“сида Бухоро ҳисорини Сиёвуш қурганлиги, Сиёвуш ҳисорнинг ичкари деворларида турли базмлар ва жанг ҳолатлари тасвирланган суратлар чиздирганини айтиб ўтади. Кейинчалик араблар босқини арафасида Бухорода ҳукмдорлик қилган Бухорхудотлар сулоласидан бўлган Туғшоданинг отаси Бидун подшо томонидан осмондаги етти қароқчи юлдузи (катта айиқ туркуми) шаклида етти тош устун устида Арк қўрғонини қурдирилганлиги айтилади. Айни шу даврда кўҳандизда қамоқхона, девонхона, хазина, зардуштийлар ибодатхонаси – катта оловхона бўлган. Арабларнинг босқини натижасида Сиёвушдан қолган Аркнинг дастлабки, қадим маданиятимизни акс эттирган бинолари бузилган. Улар оташпарастлар ибодатхонаси ўрнига „девон ал-харж“ни, аввалги зиндон ва хазинахона ўрнида катта ислом масжидини бунёд этишган. „Анжумани тарих“ нинг фаол аъзоларидан бири бўлган Носирхон Тўра (Амир Музаффархоннинг ўғли) 1921–1922-йилларда ёзган „Тадқиқоти Арки Бухоро“ („Бухоро Арки ҳақида тадқиқот“) рисоласи ХХ аср бошларида Бухоро арки тарихига бағишланган биринчи махсус тадқиқот ҳисобланади. Ушбу тадқиқотнинг асосий қисми компиляция (йиғма) бўлиб, турли манбалар асосида ёзилган. Китобнинг қимматли томони шундаки, Носирхон Тўранинг ўзи шахсан Аркда яшагани, кўпгина тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг жонли гувоҳи бўлганлигидадир. Муаллиф, ўз китобида асосан Аркнинг ХВИИ–ХИХ асрлардаги тарихини ёритишга ҳаракат қилган. Унинг айтишича, Бухоро аркидаги „ноғорахона“ни аштархонийлардан Амир Абдулазизхон (1645–1680), „тахт ўрнатилган жой“, „меҳмонхона“, ичкаридаги жоме масжидини Субхонқулихон (1680–1702), Аркнинг шимоли-шарқий қисмида халифа Али авлодидан Абулғози (Баттолғози) мақбараси ёнида Чилдухтарон масжидини манғитлардан Муҳаммад Раҳимхон (1756–1758) даврида қурилган. Амир Шоҳмурод (1785–1800) эса Аркдаги кўпгина эски биноларни қайта таъмирлаб, тузаттиради. Ҳисордаги янги қурилишларни Амир Ҳайдар (1800–1825) давом эттириб, Аркдаги Раҳимхон меҳмонхонасини ғарбдан очиладиган қилади, ёнида катта хонақоҳ ва гулзор учун „чоҳ“, қудуқ ва сардоба қурдирди. Амир Насруллохон (1826–1860) Раҳимхон биноси қаршисида яна бир бино солиб, остида „тагхона“ни қурдиради. Амир Музаффархон (1860–1885) даврида европача кўринишдаги бинолар қуриш бошланади. Амир Абдулаҳадхон (1885–1910) даврида эса „қўрхона“ ва „ғазабхона“ қурилади. Мусо Саиджонов маълумотича Амир Олимхон 1917-йилда Субҳонқулихон масжидини таъмир қилган. O. D. Chexovich ва A. K. Pisarchik томонидан 1960–1963-йилларда M. S. Andreevning тўплаган архив ҳужжатлари асосида Бухоро арки тўғрисида жиддий тадқиқотлар олиб борилади ва 1972-йилда бу тадқиқотлар ўз самарасини бериб, „Арк Бухари“ номли илмий китобни юзага келишига сабаб бўлади.
Муаллифлар Аркда мавжуд бўлган бинолар, уларнинг ижтимоий вазифаси, қурилиш даври ҳақида атрофлича маълумот берадилар. Бугунги кунда қалъанинг 20% қисми сақланган бўлиб, бу асосан қалъанинг жануби-ғарбий ва қисман шимолий ҳудудидир.
1. Бухоро аркининг жанубий ярми ва унга кирадиган бинолар – саломхона, саисхона, тахт ўрнатилган бинолар.
2. Бухоро аркининг шимолий ярим қисми ва ундаги тўпчибоши ҳовлиси, ҳунармандлар бинолари, масжид, мозор, шаҳзодалар бинолари қайта тиклаб берилган ва китобга Аркнинг тикланган ҳолатдаги харитаси ҳам илова қилинган. Бундан ташқари, қушбеги ҳовлиси, амирнинг кундалик турмуши, амирлик қўшинлари тўғрисида ҳам маълумотлар бор.
ХХ асрнинг 70–80-йилларида Аркнинг бир қисмида ўтказилган археологик изланишлар натижасида эрамиздан олдинги ИВ асрга оид пахсадан қурилган мудофаа иншоотлари қолдиқлари топилди (Y.Nekrasova девор қалинлигини, A.Muhammadjonov маданий қатламни, I.Ahrorov бинолар фундаментини ўрганди). Мазкур қазилма ишлари Аркнинг шарқий қисмида кичикроқ ҳажмдаги майдонда ўтказилиб, калъа девори шимол ва жануб йўналишида узунлиги 21 м, кенглиги 3-6 м ва чуқурлиги Бухоро арки саҳнидан ҳисоблаганда 18 метргача қазиб тадқиқ этилади. Айниқса, Аркнинг шарқий қисмида ҳалигача кенг кўламда археологик изланишлар олиб борилмаган. Қадимшунослар фикрига кўра, айни шу қазув ишлари Бухоронинг ёши ҳақида нисбатан реал маълумотлар тақдим этиб, Наршахийнинг Х асрдаёқ Бухоро 3000 ёшда эканлиги ҳақидаги ривоятларга асосланган хабарини инкор қилиши ёки тасдиқлаши мумкин.
Шубҳасиз, Бухоро арки қадимий Бухоронинг рамзларидан бири бўлиб, ҳозирги даврда ўрганилиши лозим бўлган археологик объектлардан биридир. Ҳозирги даврда Арк маҳаллий ва хорижий сайёҳлар томонидан энг кўп ташриф буюриладиган муҳташам меъморий ёдгорлик ҳисобланади.
Ҳозирги кунда биз бухоролик ёш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан бири, Арки Олий ҳақида мукаммал ва яхлит маълумот берувчи, хронологик жиҳатдан унинг пайдо бўлиш давридан то ҳозирги кунгача бўлган маълумотларни қамраб олувчи тарихий тадқиқот яратишдан иборат. Бу Бухоро фарзандларининг она шаҳри тарихига бўлган тарихий ҳурмати ва эҳтироми ҳисобланажак.
2017–2027-йилларда музейлар фаолиятини такомиллаштириш дастури доирасида янги музей биносини ва сайёҳлик марказини ташкил этишда мазкур ўриннинг тарихий шакилланишини инобатга олиш керак. Бухоронинг халқаро туризм марказларидан бири эканлигини ҳисобга олганда, ундаги обидаларни ўрганиш, сақлаш ва таъмирлаш, молиявий жиҳатдан улардан сайёҳлар маркази сифатида фойдаланиш учун маблағлар ажратилишини мамлакат иқтисодиёти учун инвестиция деб ҳисоблаш мумкин.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Тарих илмий бўлими мудири
Ўктамали Равшанов