Қадрли тумандошлар!
Шу кунларда жонажон юртимиз бўйлаб халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами–Ватанимиз мустақиллигининг шонли 31 йиллиги кенг нишонланмоқда. Юртимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа бўлган бу йилги байрамнинг «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида катта тайёргарлик билан нишонланаётганлигида ҳам чуқур маъно ва ҳаётий ҳикмат мужассам. Аждодларимиз минг йиллардан бери орзу қилиб келган озод ва обод кунларга эришдик. Бу улуғ неъмат минг шукурки бизга насиб этди.
Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан бошлаб берилган барча жабҳалардаги юксалишлар жаҳон жамоатчилиги кўз ўнгида шиддат билан янгиланаётган Ўзбекистонни намоён этмоқда. Президентимизнинг «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган инсонпарвар тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Беш муҳим ташаббус», «Бир миллион дастурчи» каби ижтимоий лойиҳаларнинг жорий этилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш орқали фаровонлигини ошириш, таълим-тарбия, маданият, санъат, спорт соҳаларини тубдан ривожлантириш борасида туманда ҳам кенг кўламли, ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Халқ таълими соҳасидаги ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, 2021 йилда туманимиздаги 20,30,33 умумтаълим мактаблари капитал таъмирланиб, ўқув базаси мустаҳкамланган бўлса, 2022 йилда тумандаги 7-, 17-, 49-умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 4-умумтаълим мактабида «Обод маҳалла» давлат дастури доирасида 550 ўринли қўшимча ўқув корпуси қурилиши ишлари давом этмоқда.
Мактабгача таълим соҳасида болажонларни мактабгача таълим муассаларига қамрови айни пайда 85 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳолбуки, бу кўрсатгич ўтган йили 61,1 % уч йил аввал эса атиги 17 фоизни ташкил этарди. Айни пайтда туманда 295 та давлат, хусусий шерикчилик ва уй боғчалар фаолият юритмоқда. Тумандошларимизнинг хабарлари борки, мамлакатимизнинг узоқ туманлари ичида биринчи бўлиб туман тиббиёт бирлашмаси қошида умумий қиймати 47 миллиард сўмликдан ортиқ 270 ўринли замонавий касалхона барпо этилмоқда. Жорий йилда туманимизнинг энг чекка ҳудудларида 9 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ишга туширилиб, халқимизнинг тиббий хизматлардан фойдаланиши учун имкониятлар яратилди. Ички йўлларни таъмирлаш мақсадида 47,0 миллиард сўмлик ишлар режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача 32,0 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 1,85 миллиард сўм ажратилган. Бу маблағлар эвазига 5 та қишлоқнинг 8,9 км. сув тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш учун 450 миллион, ижтимоий соҳалар инфратузилмасини яхшилаш учун 1,6 миллиард сўмлик салмоқли режалар қилинган. Туман марказида 9 км. йўл шунча ҳажмдаги пиёдалар ва велосипед йўлакчалари барпо этилди. Бундан ташқари, Мирзоқул аҳоли пунктида 3 та 5 қаватли 80 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйларни қуриш ишлари амалга оширилди.
Иқтисодиётимизнинг асосий тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳани замонавий технологиялар билан таъминлаш, олинаётган ҳосилнинг сифат ва салмоғини ошириш бўйича ҳам сезиларли ишлар қилиб улгурдик. Йилнинг биринчи ҳосили пиллачиликдан 204 тонна пилла хомашёси етиштириб, бу борадаги кўрсатгич ўтган йилгига нисбатан 28 тоннага кўпроққа бажарилди. Туманимиз пиллакорлари республикада биринчилардан бўлиб пилладан йилига тўрт маротоба ҳосил олиш амалиётини амалга оширдилар.
6154 гектар ерга деҳқончилик қилган ғаллакор деҳқонларимиз 44,9 минг тонна ҳосил етиштириб, ҳосилдорликни 73 центнерга етказишди.
Айни пайтда 9 минг гектар ерда парваришланаётган пахта ҳосили учун 34,9 минг тонналик режа қабул қилганмиз. Ҳозирда пахта ҳосилини йиғиб териб олишга тайёргарлик кўряпмиз.
Томчилатиб суғоришни ташкил этиш мақсадида шу йилнинг ўзида 65 та фермер хўжалигига тегишли 1125,3 гектар ерга замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш ҳам доимий диққат марказимиздаги ишдир. Жойлардаги сайёр қабулларимизда ва бевосита мурожаатлар давомида ҳам ушбу қатлам вакилларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ушбу дафтар доирасида 2022 йил 3-босқичда 2936 нафар хотин-қизлар 5 та тоифа бўйича рўйхатга олинган бўлиб, шундан ўз-ўзини банд қилиш мақсадида 466 нафар аёлларга субсидия асосида тикув машинкаси ва мини печлар олиб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг 203 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 214 нафар хотин-қизларга туман банк филиаллари орқали имтиёзли кредитлар ажратилди.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида «Ёшлар дафтари»га 1144 нафар ёшлар киритилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Аҳолининг кам таъминланган қатламини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, ўта оғир шароитларда яшаётган фуқаролар ва оилаларга моддий ёрдам бериш мақсадида «Ёшлар жамғармаси» га жорий йил бошидан бери келиб тушган 6,0 млрд сўм маблағ ёшларнинг мурожаатларига кўра уларнинг шароитларини яхшилашга йўналтирилди. Ҳурматли шофирконликлар!
Биз бу борадаги ишларимизни давом эттирган ҳолда йил охирига қадар туман кўрсаткичларини янада яхшилашга, Президентимиз томонларидан белгилаб берилган вазифалар бажариш учун тизимли ишларни давом эттирамиз.
Қадрли дўстлар!Сизларни Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман. Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!