Шу кунларда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Жанубий Корея давлатида бўлиб турибди. Вилоят делегацияси Нажу шаҳридаги “Guemchul” компаниясига ташриф буюрди. “Guemchul” компанияси Жанубий Кореянинг қуёш панеллари ёрдамида иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи мосламалар ишлаб чиқаради.
Мазкур қурилмалар ёрдамида қуёш нурининг жамланмасидан ҳосил бўлган энергиялар ҳисобидан сувни 300 градусдан 500 градусгача иситиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, қурилма ёрдамида бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқлик энергияси ҳамда сувни иситиш имконияти яратилади. Хусусан, мазкур қурилмалар иссиқхона хўжаликлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини иссиқлик энергияси билан таъминлашда энг қулай ва муқобил энергия қуввати ҳисобланади.
Музокаралар чоғида Ботир Зарипов мазкур қурилмаларни Бухоро вилоятида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Компания раҳбарияти воҳанинг иқлими ва ҳудудда иссиқлик манбаига бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда мазкур лойиҳани Бухоро вилоятида амалга оширишга тайёрлигини ҳамда тез фурсатда Бухорода мазкур қурилмаларда тест синовларини ўтказилишини билдирди.
Музокаралар якунида Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда “Guemchul” компанияси ўртасида Бухоро вилоятида қайта тикланувчи энергия қувватлари ёрдамида иссиқлик манбаини ишлаб чиқариш қурилмаларининг тест синовини ўтказиш ҳамда тест синовлари асосида Бухоро вилоятида хусусий сектор билан ҳамкорликда қурилмалар ишлаб чиқариш бўйича англашув Меморандуми имзоланди.