Жорий йилнинг 6-14 июнь кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида қизлар терма жамоалари ўртасида чим устида хоккей бўйича “Осиё ўйинлари-2022” йўлланмаси учун саралаш мусобақаси бўлиб ўтган эди. Осиёнинг Сингапур, Шри-Ланка, Индонезия, Қозоғистон, Камбоджа ва Гонконг сингари терма жамоалар билан баҳс олиб борган ўзбекистонлик қизлар якунда 4-ўринни банд қилиб, Осиё ўйинларига йўлланмани нақд қилишди.
Қувонарли жиҳати, Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибида ҳаракат қилган спортчиларнинг 8 нафарини бухоролик қизлар ташкил этади.
Хусусан, мазкур мусобақада Бухоро олимпия ва паралимпия захиралари коллежи битирувчилари саналган Камилла Адизова “Энг яхши ўйинчи” ҳамда Малика Камилова “Энг яхши дарвозабон” номинацияларида ғолибликни қўлга киритишди.
Бугун, 15 август куни вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов терма жамоа сафида ўзининг ёрқин ўйинлари билан ажралиб турган бухоролик 8 нафар спортчилар – Иноятхон Бердиева, Камила Адизова, Сабина Адизова, Гулруҳ Рамазонова, Малика Камилова, Зулфияхон Ҳасанбоева, Дилбар Некова, Афрузабону Ибрагимова ҳамда уларнинг мураббийи Рифкат Мусин билан учрашди. Жакартада ўтган турнирда муносиб иштирок этган хоккейчи қизларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.