Бухоро шаҳридаги «Садриддин Айний» маҳалласидан.
«Лўли оилалари одатда кўп болали бўлиб, фарзандларининг сони 10-12 нафаргача етади. 10 нафар фарзандим бор. Етти ўғил, уч қиз. 38 нафар набирам, битта эварам бор. Ҳаётимиз яхши, яшашимиз фаровон, камчилик йўқ. Ишлаймиз-да. 10 йилдан ортиқ вақт тракторчилик қилганман. Дадамиз бизни ҳам ёшликдан ўқитган. На тиланчилик ва на дангасаликка йўл берган. Ғишт терганман, сувоқчилик, пайвандловчилик қилганман. Болаларимни ҳам меҳнатга ўргатдим. Болалигидан тиланчилик қилишига, одамларнинг таъбини хира қилиб, ортидан пул сўраб юришига йўл қўймадим. Мактабда ўқитдим. Хат-савод чиқаришди. Доимий хайр-у саховат этагидан тутишни, етим-есир бошини сийлашни, тепганни тепмасликни, йиқилганни суяшни уқтирдим. Чунки ман баронман. Урфимизга кўра, баронларнинг болалари бетайин, саводсиз бўлса, унинг баронлиги, салобати қолмайди», — дейди барон.
«Келиб чиқишимиз асли Ҳиндистондан, бироқ урф-одатларимиз ўзбекча. Ўзбеклашиб кетганмиз десак ҳам бўлади.
Бароннинг айтишича, лўлиларда «қиз ўғирлаш» одати янаям авж олган: – «Лўлиларда аёли эрини боқаркан, дейишади. Бу урфлар қолиб кетган. Ҳозир болаларни эри боқади. Мардикорлик қилишади, хорижда ишлашади, кейин келиб тўй қилишади, ҳовли-жой қуришади. Тиланчилик урфлари ҳам энди йўқ, буни уят ҳисоблайдиган бўлишган, дейди барон.
Лўлиларда вафот этган кишини уйига кўмиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
«Тавба қилдим, инсон-ку у. Одам итни ҳам уйига кўммайди. Кейин бундай уйда қандай яшаши мумкин? Гап бу. Қавмимизга лой чаплаш учун ўйлаб топилган ёлғон гаплар. Бир неча йиллар илгари уйимизда таъзия бўлганди. Кўнгил сўраб келган бир-икки ўзбек жувонлари лўлилар ўликни уйда кўмади, деб дастурхондан туз ҳам тотишмаган экан. Бу энди ошиб тушган оғриқ-да, биз учун. Ҳатто лўлиларнинг қабристони йўқ, деган бўҳтонлар тарқатишган. Унақа эмас. Ўзимизнинг қабристонларимиз бор. Ўзбеклар билан бирга», — дейди барон.
Барон лўлилар тўйи ҳақида ҳам тўхталди. Айтишича, бундан 5-10 йилча илгари лўлилар тўйи уч кеча-кундуз давом этган. Биринчи кун кураш, кейин кўпкари ва учинчи кун тўй ўтказилган. Самарқанд, Қашқадарё, Тожикистон ва ҳаттоки, Афғонистондан меҳмонлар келишган, ҳар бирига бир бошдан қўй бериб юборишган. Таниқли қўшиқчилар, ҳофизлар хизматга чақирилган.«Тўйларимизга икки-уч мингтагача одам келарди. Ўзим ҳам 2001 йилда ўғлимнинг тўйига 300 килограмм ош дамлаганман. Анвар Санаев хизматимизда бўлган. Жуда катта харажат бўларди. Ҳа айтмоқчи, ўша кезларда қизларни 14-15 ёшга тўлиб-тўлмай, турмушга узатишган. Ҳозир бу урф-одатлар ҳам ортда қолиб кетди. Қизлар ҳозир 17 ёшдан турмушга чиқишади», — дейди у.
Лўлиларнинг «махфий» тили
Лўлилар тожик тилидан ташқари бир-бири билан мулоқот қиладиган бошқа тили ҳам бор. Бу ҳақда на китобларда муҳрланган, на бошқа миллат вакилларига маълум қилинган. Айтилишича, нон—ҳарсид, қанд–шатойи, қовун–бадиқ, варсон–олиб кел, оршин–ол, ажар–пул деган маънони англатар экан.
Кунига 6 млн сўм топаётган тадбиркор лўли
Шу маҳаллада яшовчи лўлилардан бири Азиз Гадоев 27 ёшда бўлиб, иккита ишлаб чиқариш цехига раҳбарлик қилади. Бирида қоғоз ва елим идишлар, кейинги цехда чиқинди пластиклар қайта ишланади. Ускуналари Хитой давлатидан шартнома асосида келтирилган. 15 нафарга яқин лўлини иш билан таъминлаган. Ишчи-ходимларига 2,5-3 миллион сўмгача ойлик маош тўлайди.
«Бухородаги барча яроқсиз ва чиқинди пластиклар шу ерга келтирилади. Чунки вилоятимизда пластикни қайта ишлаб, улардан пластик трубаларни тайёрлаш ускунаси фақат бизда бор. Бир кунда 1 тоннадан 10 тоннагача пластик йиғилади. Бир кунлик даромадимиз 5-6 миллион сўмгача. Цех фаолиятини кенгайтириб, ишчилар сонини ҳам оширмоқчиман. Лўли аёлларни ҳам иш билан таъминлаш имкони яратилади», — дейди Азиз Гадоев.
Шу цех ишчиси Шавкат Ҳасанов меҳнати ортидан «Жигули» олганини гапирди:- «Машина рўзғорни тортади-да. Аста-секин уй-жойимни ҳам тиклайман. Фақат қизимнинг юрагида нуқсони бор. Худо куч-қувват берсин, олдин қизимни даволатай, кейин бошқа орзу-умидларимни қиламан», — дейди Шавкат Ҳасанов.
Ўзбекистон байроғини ҳилпиратишни мақсад қилган лўли
Бухоро шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси лўли миллатига мансуб Азим Гадоев спортнинг кикбоксинг тури билан шуғулланади. У ҳеч қачон лўли қавмидан эканидан ор қилмаган. «Катта бўлсам, чемпион бўламан, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтараман. Жўраларимни ҳам ўқишга, спортга бошлайман. Ҳали биз ҳамма ҳавас қиладиган эл бўламиз», — дейди Азим.
Лўлилар орасида жамиятда ўз ўрнини тополмаётганлари ҳам бор
Ойниса мактабда ўқишни исташини, аммо бунинг имкони йўқлигини айтди.Ойнисанинг онаси Дилбар Содиқова 52 ёшда. У тўққиз нафар фарзанднинг онаси. Отаси Тошпўлат Қурбонов ҳеч қаерда ишламайди, елим идишлар териб, сотиб, кун кўради.Ойнисанинг онаси қизини мактабга қўймаганини «Қизим ҳар хил инсонлар олдида юришидан қўрқаман», дея изоҳласа, отаси «Болаларни мактабга ўқитиш учун шароит ҳам йўқ-да. Қаерга борсак, ишга олмайди», дейди.«Икки елкамда икки халта эди. Бирида болаларим, бирида гадойлик халтаси. Бурунги даврларда тиланчиликка чиққанман-да. Биз, лўлилар, кўп болали қавм бўлсак: уларни боқиш керак бўлган. Ҳозирги кунларда тиланчиликка чиқишни уят санашади. Бакалажка териб, одамларнинг хизматини қилиб, пул топиш йўлига ўтишган», — дейди 70 ёшли онахон Сайёра Облоқулова.Суҳбатдош болаларини мактабда ўқитиш борасида муаммога дуч келаётганини, неварасини мактабга қўя олмаётганини билдирди. Унинг айтишича, 10 ёшдан ўтган невараларини «сен мактаб ёшидан ўтгансан», — деб таълим даргоҳига қабул қилмаган.
Лўлилар, шунингдек, маҳаллада сув танқислиги, электр энергияси таъминотида муаммолар кўплиги, йўлларнинг таъмирга муҳтожлигида шикоят қилган.
«Томорқа ерларни суғоришга кўп вақтдан буён сув йўқ. Ҳамма ёқ қақраб ётибди. Дарахтлар қуриб кетяпти. Ҳар ёқлардан сув ташиймиз. Бунинг ўзи бўладими, жоним болам», — дейди Рўзитош Интизорова.
Ҳоким ваъда берди
Айтилишича, маҳалла барони Юнус отанинг хонадонида бўлиб, энди суҳбат қизиганда, унинг ҳовлисига Когон шаҳар ҳокими кириб келган. Маълум бўлишича, бу ҳоким кунора лўли маҳаллаларда кезади, аҳоли билан суҳбатлашиб, муаммоларини ўрганади.«Когон шаҳрининг ‘Хўжабарги’ ҳамда ‘Фурқат’ маҳаллаларида лўлиларимиз яшашади. Ҳар икки кўчани ҳам ободонлаштириш бўйича ишлар бошланган. ‘Обод маҳалла’ дастурига ҳам киритилган. Узоқ йиллардан буён бу маҳаллада на сув қувурлари янгиланган, на кўчалар асфальтланган, ҳақиқатан ҳам эътибордан четда бўлган. Ҳозирги кунда дастлабки ишлар бошланган. Сув ўтгач, асфальтланади. Ман лўли халқининг бир фазилатига қойил қоламан. Ҳар ҳафтада камида икки-уч бор келаман. Нимадир ишни бажариш лозимлиги айтилса, жуда тез фурсатда ҳамжиҳатликда адо этишади. Ўтган йилдан буён болаларини мактабда мажбурий ўқитиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Буларни ҳам олий таълимда таҳсил олиши керак. Ҳаммаси зўр бўлади», — дейди ҳоким.