Сенат Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғонада аҳоли бандлигини таъминлашга доир ишларни танқид қилди. Хусусан, Бухорода яратилган янги иш ўринлари бир вақтда бошқа соҳада ҳам қайд этилиб, ҳисоботда рақамлар орттириб кўрсатилган. Ўтган йилги инвестлойиҳа маълумотлари эса жорий йилда қайта киритилган.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев май-июнь ойларида Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларни танқид қилди. Сенаторнинг сўзларига кўра, инвестиция дастури доирасида ишга тушган лойиҳалар доирасидаги қарийб 3,6 мингта аҳоли бандлиги солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган.
Жумладан, Бухорода яратилган 869 та иш ўрнидан 665 таси солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
«Бундан ташқари, хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши сабабли, ҳисоботларда жами ҳудудда яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилган. Жумладан, Бухоро вилоятида хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилганлиги қайд этилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида такрорланган», — дея таъкидлади Эркин Гадоев.
Таъкидланишича, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш режаси Қоровулбозор ва Бухоро туманларида бажарилмаган.
Жорий йилда янги ташкил этилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг Когон шаҳрида 30%, Бухоро шаҳрида 23% қисми фаолиятини вақтинча тўхтатган. Фермер хўжаликларида жами яратилган иш ўринларида банд аҳолининг Бухоро вилоятида 64 фоизи солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.
Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун очиқ электрон аукцион савдосига қўйилган Бухорода 801 гектар ер майдони бўйича аҳолининг хабардорлиги ва манфаатдорлиги пастлиги сабабли аризалар келиб тушмаган. Қурилиш соҳасида яратилган янги иш ўринларининг Бухорода 83 фоизи аҳоли бандлиги солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.