Дунёдаги беш юзта энг бой одам жорий йил бошидан буён 1,4 триллион доллар, жумладан, кеча, 13 июн куни 206 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди
“Bloomberg” “Миллиардерлар индекси”га кўра, бойликларини йўқотиш бўйича “Binance” криптовалюта биржасининг асосчиси Чанпена Чжао етакчи бўлган. У йил бошидан буён 85,6 миллиард доллар йўқотган ва бойлар рейтингда 190-ўринни эгаллаган.
Йўқотишлар бўйича иккинчи ўринда Tesla ва Space Х асосчиси Илон Маск турибди. Унинг бойлиги жами 73,2 миллиард долларга камайган.
Amazon асосчиси Жефф Безос 65,3 миллиард доллар йўқотишлар билан рейтингда учинчи ўринни эгаллаган. Meta раҳбари Марк Цукерберг эса 64,4 миллиард доллар зарар билан тўртинчи ўринни банд қилган. Бешинчи ўриндан Louis Vuitton Moët Hennessy президенти Бернара Арно жой олган. У йил бошидан бери 56,8 миллиард доллар зарар кўрган.