Марказий Осиё қадимдан турли диний ва этник бирликлар учрашган замин бўлиб келган. Минтақанинг исломгача бўлган ва ундан кейинги даврда ҳам турли халқлар яшаб келган. Хусусан, яҳудийлар ҳам Марказий Осиёнинг узоқ йиллардан буён яшаб келаётган этник ва диний озчилик қисмларидан бири ҳисобланади. Минтақа яҳудийлари асосан «Бухоро яҳудийлари» номи билан машҳур. Диний бағрикенглик мавзусидаги туркум мақолаларнинг бугунгисида яҳудийларнинг Марказий Осиёга кириб келиш тарихи, уларнинг яшаш тарзи, ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва бугунги ҳолати ҳақида ҳикоя қиламиз.
Яҳудийлар кимлар?
Авалло, яҳудийларнинг дини ва тарихи ҳақида қисқача тўхталсак. Яҳудийлик дини дунёдаги энг қадимги динлардан бўлиб, тарихий маълумотларга кўра, милоддан аввалги 2 мингйилликда Яқин шарқда тарқалган. Бу дин фақат яҳудий миллатига мансуб диндир. Яҳудийлар бир миллат ва бир дин негизида бирлашган ягона халқдир. Яҳудийларнинг талқини ва муқаддас китоби ҳисобланган «Таврот» да ёзилишича яҳудийларнинг шажараси Ёқуб алайҳиссаломга бориб тақалади. Ёқуб алайҳиссаломнинг 12 ўғли бўлган. Ана шу ўн икки ўғлидан 12 қабила чиққан. Уларнинг тўртинчисининг исми Яҳудо бўлиб, яҳудийлар айнан шу ўғлидан тарқалган. Яҳудийларни, шунингдек, Бану Исроил деб ҳам аташади. Чунки, Ёқуб алайҳиссаломнинг иккинчи номи айнан шундай бўлган. Шунингдек, яҳудийларни «еврей» лар деб ҳам аташади. Араб манбаларида бу сўз «абара» яъни «кечиб ўтмоқ» феълидан келиб чиққан деб кўрсатилади. Яҳудий қабилалари ҳозирги Ироқ ҳудудида яшаган. Кейинчалик, Иброҳим алайҳиссалом бу қабилани ҳозирги Фаластин томон бошлаб келади. Умуман олганда яҳудийларнинг бутун ўтган даври доимий нотинчликлар, сургун ва кўчишлар билан ўтган.
Бухоро яҳудийлари
Бухоро яҳудийларининг Марказий Осиёга кириб келиши ва айнан Бухоро яҳудийлари номини олишига турли хил сабаблар мавжуд. Марказий Осиё яҳудийлари ўзларини егудим, идн, исроэл, бани исроэл, яҳудий-тожик деб аташади. Марказий Осиёнинг турли шаҳарларида яшовчи этник гуруҳ ҳисобланади. Бухоро яҳудийлари атамаси биринчи марта ХVI асрда пайдо бўлган. Уларнинг ўтмишдаги умумий сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бухоро яҳудиялари ҳақида турли манбаларда турлича талқинлар мавжуд. Хусусан, Ўрта Осиё яҳудийларининг ҳаёти ҳақидаги қизиқарли маълумотларни инглиз роҳиби ва саёҳатчиси Г. Лансделл китобларида ҳам кўриш мумкин. У 1882 йилда Тошкентга келади ва айнан ушбу шаҳардан Ўрта Осиёни ўрганишни бошлайди. Олдиндан тайёрланган расмий хатлар ва таклифномалар асосида у Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлади. Саёҳатчини ўша даврдаги хонлар ва амирлар эҳтиром билан кутиб олади. У ҳам, ўз навбатида, мезбонларга келтирган қимматбаҳо совғаларини тақдим этади. Ўрта Осиё яҳудийлари ҳаётини ўрганиб чиқиш, унинг режаларидан бири эди. У роҳиб бўлганлиги сабабли, қадимги динлар ва синагогадаги қадимги қўлёзмаларга қизиқади. У ўзининг ҳамроҳлари билан осиёлик яҳудийларни кўриш учун Тошкентнинг эски шаҳар қисмида бўлади. Муаллиф ўз таассуротларини қуйидагича таърифлайди: «Биз кичкинагина ҳовлига кирдик, унинг бурчагидаги уй деворлари қулай деб турарди ва аянчли ҳолда эди. Шу ерда бир гуруҳ яҳудийлар ибодат учун тўпланишди. Бизни бозор томонга қараган бошқа янада торроқ бир хонадонга таклиф этишди…»
Саёҳатчи, раввин Вениямин Тудел Ўрта Осиёдаги яҳудийлар ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: «Исфаҳонда 10 000 га яқин яҳудийлар бўлган. Бу ердан етти кунлик масофадан кейин Гозан дарё соҳилида Гина (Хива)шаҳрида саккиз мингга яқин яҳудийлар яшаган. Бу савдо шаҳри бўлиб, бу ерга турли миллатларга мансуб савдогарлар тўпланишади. Бу ердан беш кунлик масофали йўлда Самаркут (Самарқанд)да беш мингга яқин яҳудийлар, улар орасида олимлар ва бойлар ҳам бўлганлигини ҳамда бу жамоатнинг бошлиғи раввин Обадий бўлган» ини қайд этади.
1793 йилда Бухорога марокашлик раввин Иосеф Мамон Мағрибий (ёки Хахам Ёсеф Мамон Маарави) келади. 20 ёшида раввин бўлган Мағрибийни Қуддусдаги фаоллар турли минтақаларда яшовчи яҳудийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юборадилар. Бундай раввинлар «шалиах» элчи деб аталган. У ўз миссиясини Бағдоддан бошлайди ва ундан кейин Ўрта Осиёга кириб келади. Ўрта Осиёни Шаҳрисабздан бошлаб ўрганади, сўнг Бухорога келади. Бухоро ва Шаҳрисабз яҳудий фаоллари Ёсефни хурсандчилик билан кутиб олиб, унга ўзларига маънавий бошлиқ бўлишини таклиф этади. Ёсеф вазиятни ўрганиб чиқиб, рози бўлади ва Бухорода қолишга қарор қилади. Бухоро ўша даврда яҳудийларнинг маркази Қуддусдан сўнг иккинчи муқаддас шаҳар ҳисобланарди. Саёҳатчи кундаликларида Шаҳрисабздаги яҳудийлар Бухородагиларга нисбатан ортодоксал эканлигини қайд этиб, ҳар икки шаҳардаги яҳудийлар шанба кунини муқаддаслигини англаган ҳолда шаббатни нишонлашларини айтиб ўтади ва қуйидагиларни тасвирлайди: «Бухородагилар шаҳардаги мачитларда улар учун ажратилган махсус жойларда ибодат қилишарди. Иврит тилидаги дуолар китоби деярли йўқ эди. Жума кечаси шомдан олдин яҳудий аёллар гуруч ва гўштни махсус қопчаларга солиб, мусулмонларда қайнайдиган умумий қозонга ташлашарди. Ҳар бир оила ўзининг таомини қопидаги бойлағичнинг рангига қараб ажратиб оларди. Эркаклар шанба куни эрталаб умумий ҳамомларга боришарди».
Йиллар давомида Ёсеф ўзининг бир қанча шогирдларини тарбиялайди. Молиявий жиҳатдан яхши таъминланган Бухоро яҳудийларининг ҳомийлигида у Ешива – яҳудий диний мактабини очади. Ёсефнинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, Фаластиндан муқаддас китоблар, дуолар тўпламлари келтирилади. Маълумки, яҳудийлар 3та йирик гуруҳга бўлинади: ашкеназ, сефарад ва «эдот хамизрах» (яъни, шарқона этник гуруҳ). Бухоро яҳудийлари «эдот хамизрах» гуруҳига тегишли эди. Аммо Ёсеф сефарадлар гуруҳига мансуб бўлган. У бухоролик яҳудийларнинг ибодат маросимларига ҳам ўзгартиришлар киритган. Шу боис бугунги кунгача улар сефарадларга ўхшаб ибодат қиладилар.
Ўрта Осиёга келган бу саёҳатчилар Бухоро яҳудийлари ҳақида ўз дунёқарашидан келиб чиқиб маълумотлар қолдирган. Шундай бўлсада, Бухоро яҳудийларининг Марказий Осиёда қачон пайдо бўлганлари мунозарали. Марказий Осиё қадимги афсоналарига кўра, яҳудийларнинг аждодлари Бобилдан келган. Айрим маълумотларда мўғуллар истилоси даврида яҳудийларнинг бир гуруҳи Эрондан Шаҳрисабз, Бухоро, Самарқандга кўчиб келган ва Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида ўрнашган, деб таъкидланади. Бухорога сафар давомида Бухоро яҳудийлар синагогаси ходими Исаак Давидович билан суҳбатлашишга ҳам муяссар бўлдик. Унинг айтишича, Бухорога яҳудийлар В асрда Эрондан кириб келган.
Марғилон, Тошкент ва бошқа шаҳарларга яҳудийлар ХVIII аср охири – ХIХ аср бошларида келган. Фарғона шаҳрига илк бор ХХ асрда кўчиб ўтган. Кейинчалик маҳаллий яҳудийлар – яҳудийхон маҳаллий номи билан юритилган.
Яҳудийлар қадимдан бошқаларга кўп қўшилмай, ўзларига якка ҳол яшашга ўрганиб қолишган. Одатда Европада яҳудийлар махсус ажратилган ҳудудларда яшаган. Аммо Бухорода ва ислом диёрларида бу бошқача кўринишда бўлган. Масалан, Эруб деб аталадиган тўсиқнинг мавжуд бўлганлигининг ўзи, уларни бошқа халқлардан ажралган ҳолда яшашга интилганлигининг ёрқин далили бўлади. Яҳудий диний таълимотининг уқтиришича, яҳудий бошқа диндаги одамларга асло яқинлашмаслиги керак. Эруб – яҳудийлар билан мусулмонлар яшаётган чегарада икки қозиққа тортилган симдир.
Баъзи олимларнинг фикрича, яҳудийлар Марказий Осиёда милоддан аввалги VI асрда пайдо бўлган. Яҳудийлар энциклопедиясида Бухоро ҳудуди исроилликларнинг ўн пушти сургун қилинган жойлардан бири сифатида тенглаштирилган (миль авв. 722). Археологик тадқиқотларга кўра, яҳудийлар Марказий Осиё (Марв, Самарқанд)га II – IV – V асрлар ва VIII асрда келганлар. Ёзма манбаларга кўра милоддан авввалги I аср – милодий I асрда Марвга, VI – VIII асрларда Хоразмга келганлар. Академик В. В. Бартолднинг ёзишича, Х асрда Мовароуннаҳрда яҳудийлар христианларга нисбатан кўпчиликни ташкил қилган. Туделлик Венямин (ХII аср) нинг маълумотига кўра, ўша даврда Самарқанд шаҳрида 30 минг яҳудий яшаган.
Яҳудийларнинг Бухорода пайдо бўлишлари тўғрисида илк маълумот ХIII асрга тўғри келади. Бухоро яҳудийларининг оилавий афсоналарига кўра, ХIV аср охири – ХV аср бошларида яҳудий тўқувчилар Амир Темур томонидан Сабзавор, Шероз ва Бағдоддан Мовароуннаҳрга олиб келинган. Улар кейинчалик маҳаллий яҳудий жамоаларига аралашиб кетган. ХVI асрда Бухоро яҳудийларнинг бош марказига айланган, шу асрда шаҳарда яҳудийлар маҳалласи – «Маҳаллаи кўҳна» ташкил топган.
Замонавий Бухоро яҳудийлари
Ўзбекистонда Бухоро яҳудийлари асосан, Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Хатирчи, Шаҳрисабз, Андижон, Марғилон, Тошкент шаҳарларида яшаганлар. Уларнинг тили яҳудий-тожик тили бўлиб, тожик тилининг жанубий гуруҳига киради
Инглиз миссионери Волф амир Насруллохон ҳукмронлиги даврида (1826–1860) Бухорода 10 минг яҳудий яшаганлигини кўрсатиб ўтган. Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1926 йилда Ўзбекистонда 18172, 1982 йилда эса 28369, шу жумладан, Бухорода 4200 Бухоро яҳудийлари яшаган. Аммо синагога ходими Исаак Давидович бизга Бухорода 20 минг яҳудий яшаганини таъкидлади. Исроил давлатинигн тузилиши ва собиқ Иттифоқнинг парчаланиб кетиши ортидан Ўзбекистонда яшаган яҳудийларнинг кўпчилиги Исроил ва АҚШ каби давлатларга кўчиб кетди.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда яҳудийларнинг маданий маркази, Бухорода 2та, Самарқандда 2та ва Тошкент шаҳрида синагогалар, Бухорода яҳудий тилида ўқитиладиган мактаб ва болалар боғчаси фаолият кўрсатади. Самарқандда «Шофар» газетаси нашр қилинади (1998). Турли диний маросимлар эркин ўтказилиб келинмоқда.
«АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгреси» билан ҳамкорликда 2019 йилда Самарқандда жойлашган яҳудийлар қабристонида хотира ёдгорлик мажмуаси очилди.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сонли қарори 3-иловаси билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да Бухоро яҳудийлари конгресси билан алоқаларни кенгайтириш кўзда тутилган бўлиб, истиқболда Бухоро яҳудийлари тарихига оид музей, Ўзбекистон туризм салоҳиятини конгресс нашрларида тарғиб қилиш, конгресс ваколатхонасини очиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда бугунги кунда 4000 мингдан ортиқ яҳудий истиқомат қилади. Жорий йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнидан сўнг бу борадаги маълумотлар янгиланиши кутилмоқда. Бухородаги яҳудий синагогаси ходими Исаак Давидовичнинг бизга айтишича, бугунги кунда Бухоро шаҳрида 150га яқин яҳудийлар истиқомат қилади.
Умуман олганда, тарихий бир маконда узоқ вақт мобайнида бирга, ёнма-ён истиқомат қилиш асносида яҳудийлар ва маҳаллий ўзбек халқи ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар бугунги кунга қадар давом этмоқда.
Адабиётлар :
Каганович А. Друзья поневоле: Россия и бухарские евреи, 1800-1917 / науч. Ред. Миллер. А. – М. : новое литературное обозрение, 2016. – 526 с.
Алмеев Р. Бухарские евреи, Бухоро, 1998.
Rim raqamlarini yozishni bilmaydimi