Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, Бухородаги канализация тизимида ишлаётган 3 нафар фуқаро вафот этган, яна бир эса шифохонада.
2020 йил 24 июль куни тахминан соат 11:00 ларда “Бухоро махсус сув кўрилиш” МЧЖ ходимлари Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида жойлашган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини шаҳарнинг асосий канализация тизимига улаш ишларини олиб бораётган вақтида, ишчилар 47 ёшли А.К. ва 45 ёшли С.б., қувурларни монтаж қилиш жараёнида канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланиши оқибатида соғлигининг ёмонлашиб, хушидан кетган. Уларнинг шериги 27 ёшли З.Ш., уларга ёрдам бериш мақсадида канализация қувурига тушган вақтида у ҳам газдан заҳарланиб, хушини йўқотган.
41 ёшли С.А., ёрдам бериш мақсадида ушбу қувурга тушади ва заҳарланади. Атрофда тўпланган аҳоли томонидан фақатгина С.А.,гина қутқариб қолинган бўлиб, унинг шериклари 47 ёшли А.К., 45 ёшли С.б. ва 27 ёшли З.Ш.,лар эса ҳодиса жойида канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланиб вафот этган. Ҳозирда фуқаро С.А., шифохонага ётқизилган.
Ҳодиса жойига тергов гуруҳи чиқиб, воқеа жойини кўздан кечириб, тергов олди суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.