Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Сизлар учун барча қулайликлар яратилган:
🔸 Ҳудуддаги кўкаламзорлик ва табиатни асраш,тоза ҳаводан нафас олишингиз, Сизнинг тинчлигингизни сақлаш мақсадида марказга автомашина билан тўғридан-тўғри кириш чекланган. Бунинг учун махсус шлагбаумлар ўрнатилган.
🔸 Беморларни хавотирсиз ва осон кўчириш учун электромобил хизмати йўлга қўйилган. Сиз беморингизни врач кўригига, бўлимдан бўлимга ёки маслаҳатга бемалол олиб ўта оласиз.
🔸 Марказ ҳудудида бепул автотураргоҳ мавжуд, шу боис ортиқча ташвишга ҳожат йўқ.
🔸 Барча қабуллар ва йўлланмалар фақат ташхис поликлиникаси орқали амалга оширилади.
Шундай имкониятлар яратилганига қарамай, баъзан ички тартиб қоидаларга риоя этмасдан, марказ ҳудудига ўзбошимчалик қилиб, қоидаларни менсимай машина билан киришга ёки шифокор қўлига тўғридан-тўғри пул беришга уриниш ҳаракатлари кузатилмоқда. Бу ҳолатлар нафақат қонунга зид, балки инсоф ва одобдан ҳам йироқдир.
Ҳурматли беморлар ва уларнинг қариндошлари!
Барчамиз учун яратилган қулайликларга ҳурмат билан муносабатда бўлайлик. Барча тўловларни фақат касса орқали амалга оширинг – чунки ҳар бир тўловдан давлат бюджетига солиқлар тушади.
Бу маблағлар эса:
• ота-оналаримиз пенсия ва нафақаларига,
• ўқитувчилар ва шифокорларнинг маошига,
• мактаб, боғча ва йўллар қурилишига,
• ичимлик суви таъминоти ҳамда ижтимоий ёрдамларга,
• жонажон ватанимиз сарҳадларини дахлсизлигини сақлашга сарфланади.
Агар Сиздан кўрсатилган тиббий хизматлар (масалан, жарроҳлик амалиёти) учун тиббий ходим қўшимча пул талаб қилса, беморлар ёки қариндошларини хусусий дорихона ёки клиникаларга йўналтирса – марҳамат, бу ҳақда бевосита раҳбарият ёки ишонч рақамига мурожаат қилинг.
Энг ишончли ва самарали назорат бу жамоат назоратидир!
📞 Ишонч рақами: 1425
📞 Раҳбарият алоқа рақами: +998 65 221 79 33
Шифо излаб келган ҳар бир инсон учун тинч, хавфсиз ва адолатли муҳит яратиш – барчамизнинг умумий вазифамиз!